Давлат Бобонов: “Қилган меҳнатимиз ва мураббийлик курсисида Илиадиснинг ўтириши менга катта куч берди”

Ортда қолган ҳафта ўзбек спорти учун бир қатор воқеликлар билан ёдда қолди. Улар орасида дзюдочиларимизнинг кечаги муваффақияти алоҳида мавзуга айланиб кетди. 21-23 февраль кунлари Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида ўтган дзюдо бўйича Катта дубулға турнирида икки нафар вакилимиз Давлат Бобонов (-90 кг) ва Муҳаммадкарим Хуррамов (-100 кг) ўз вазн тоифаларида зафар қучиб, жаҳон ОАВ учун сенцацион, биз учун эса узоқ кутилган ғалабани тортиқ қилишди. Ушбу мақоламиз орқали ўзбек спорти мухлисларини Давлат Бобоновнинг фаолияти ҳақидаги қизиқарли маълумотлар билан таништириб ўтмоқчимиз.

Давлат Бобонов 1997 йил Навоий вилоятида таваллуд топган. Самарқанд дзюдо мактаби тарбияланувчиси. Мураббийи Нурали Қобулов. Фаолиятини -81 килограмм вазн тоифасида бошлаган.

Бобонов аслида -81 килограмм вазн тоифасида ҳам юқори натижалар қайд этиб келган. Унинг “порлаган” йили 2016-2017 йилларга тўғри келади, дейиш мумкин. Дастлаб 2016 йил Тошкент Гран-присида ушбу вазнда чемпион бўлди. Шу йилнинг ўзида Ўзбекистон чемпионати финалида Шарофиддин Болтабоевдан бир йил аввалги мағлубият учун реванш олган. 2017 йилги катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати унинг номини янада машҳур қилди. Будапештдаги ЖЧнинг тўртинчи даврасида Бобонов амалдаги жаҳон чемпиони, Рио Олимпиадаси совриндори япониялик Таканори Нагасэни мағлуб этиб, барчанинг олқишига сазовор бўлди. Чорак финалда эса унга Олимпиада чемпиони россиялик Ҳасан Холмурзаев рақиблик қилди. Муросасиз кечган баҳснинг қўшимча дақиқасидаги баҳсли вазият анча номдор бўлган россиялик дзюдочининг фойдасига “ҳал бўлди”. “Ўшанда беллашувдан кейин Ҳасан олдимга келиб, баҳсда аслида мен ютганимни, ўзимни бронза медали учун курашга тайёрлашимни айтиб қўллаб кетган эди”, – деб хотирлайди Бобонов ўша мусобақани. Афсуски, кейинги беллашув омадсиз якунланган.

Кейинчалик спортчимиз вазн ташлаш билан боғлиқ муаммоларга дуч кела бошлади. Бу эса қолган мусобақаларга салбий таъсир ўтказмай қолмади. Шундан сўнг полвонимиз 2018 йилдан юқори вазн тоифасига ўтишга қарор қарор қилди. Айнан мана шу йил -90 кг вазн тоифасига мослашиш билан ўтди. 2019 йилдан Бобонов яхши натижалар кўрсата бошлади. Афсуски, навоийлик спортчимиз ўтган йилнинг ёз фаслида жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказишга мажбур бўлди ва жаҳон чемпионатида иштирок эта олмади. Натижада Олимпиада рейтинги учун қимматли очколар қўлдан бой берилди. Шунга қарамасдан Бобонов Ўзбекистон дзюдо федерацияси шифокорларнинг саъйи-ҳаракатлари билан тез фурсатда тўлиқ тикланди ва йўқотилган очколар ўрнини тўлдириб олди.

Президентимиз ўтган йил 4 сентябрь куни ўтказган видеоселектор йиғилишида Токио Олимпиадасига тайёргарлик йўлида терма жамоаларга хорижлик етакчи мутахассисларни жалб қилиш бўйича ҳам топшириқ берган эдилар. Ўзбекистон дзюдо федерацияси бу борада энг муносиб номзод – Олимпиада ва жаҳон чемпиони, дунё дзюдоси афсоналаридан бири грециялик Илиас Илиадис билан келишувга эришди. Илиадис Бобоновни қайтадан кашф қилди. Қўлга киритилаётган ғалабалар замирида ушбу мутахассиснинг меҳнати яққол кўриниб турибди. Зеро, грециялик полвон фаолияти давомида худди Давлат каби -90 кг вазн тоифасида курашган. Унинг ушбу вазн тоифасидаги ҳар бир дзюдочини яхши билиши Бобонов билан ишлашда анча самара бермоқда.

Давлат Бобоновнинг Германиядаги муваффақиятига сюрприз деб қаралмаслик керак. Зеро, бир неча ойдан бери унинг қайд этаётган натижалари мана шундай ғалаба сари қараб кетмоқда эди. Боиси ўтган йилнинг ноябрь ойида Осака шаҳрида ўтган Катта дубулға турнирида Бобонов кумуш медални қўлга киритди. Ўшанда дзюдочимиз финал йўлида жаҳон чемпиони ва Олимпиада совриндорларини мағлуб этиб, ҳал қилувчи баҳсда грузиялик Бека Гвиниашвилига ҳакамлар нуқтаи назаридан имкониятни бой берди. Аслида эса унинг асосий вақтда ишлатган усули иппонга тортар эди. Давлат ушбу грузин дзюдочисидан кучли эканини кеча Дюссельдорф татамиларида чорак финалда исботлаб берди. Бу гал унинг ғалаба қозониши учун 27 сония етарли бўлди холос. Яна бир аҳамиятли жиҳати Дюссельдорфда Бобоновга қарши ҳеч бир рақиб асосий вақтгача “туриб бера олмади”.

Биз дзюдочимиз билан боғланиб, ғалаба таассуротлари ҳақида фикрларини олишга муваффақ бўлдик.

Мусобақада энг қийин баҳс қозоғистонлик Ислом Бўзбоев билан кечган иккинчи даврадаги беллашув бўлди. Чорак финал, ярим финал ва финалдаги рақибларим билан илгари беллашиб мағлуб бўлган эдим. Бироқ бу гал улардан аввалги мағлубиятларим учун реванш олдим. Шу пайтгача қилган меҳнатимиз ва мураббийлик курсисида Илиадиснинг ўтириши менга катта куч берди. Бу Катта дубулғадаги биринчи олтин медалим. Лекин биласизми, Осакада кумуш медаль олганимда бундан ҳам хурсанд бўлган эдим. Ўшанда бу таснифдаги мусобақада илк бор шоҳсупага кўтарилганман. Аммо ҳозирги қувончимни ҳам сўз билан тасвирлаб бўлмайди. Германияга кўп делегациялардан аввал келганимиз ва бу ерда мусобақагача йиғин ўтказганимиз катта ёрдам берди. Ўз навбатида, бизга мана шундай шароитлар яратиб бераётгани учун ҳукуматимиз ва федерация раҳбариятига миннатдорчилик билдириб қоламиз”, – деди Давлат Бобонов.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси хам дзюдочимизга Токио Олимпиадаси йўлида бундан-да йирик муваффақиятлар ва ғалабалар тилаб қолади.

Суратлар Халқаро дзюдо федерацияси галереясидан олинди