Парадзюдочиларимиз Жаҳон кубогини муваффақиятли бошлашди

Парадзюдочиларимиз Грузиянинг Тбилиси шаҳрида старт олган Жаҳон кубогида ўз иштирокини бошлашди. Қувонарлиси, мусобақанинг дастлабки куни терма жамоамиз учун муваффақиятли ўтди.

Биринчи кун якуни бўйича -66 кг вазндаги вакилимиз Учқун Қуранбоев олтин, -60 кг вазн тоифасида татамига чиққан Шерзод Намозов эса кумуш медални қўлга киритди. Мусобақада -66 кг вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилган бошқа бир парадзюдочимиз Ўткир Ниғматовга бронза медали насиб этди.

-73 кг вазн тоифасида иштирок этган спортчимиз Феруз Саидов ҳам мусобақани кучли учликда якунлади ва делегациямиз ҳисобига яна бир бронза медални ёздириб қўйди. Бугун оғир вазнли парадзюдочилар ўртасида ғолиб ва совриндорлар номи аниқлаб олинади.

23 Fevral, 2020|Янгиликлар|