Трамполинчимиз Жаҳон кубогида юртимиз шарафини ҳимоя қилади

Эртага Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида гимнастиканинг трамполинда сакраш йўналиши бўйича Жаҳон кубоги старт олади. 30 мамлакатдан 150 дан ортиқ спортчи қатнашадиган мазкур мусобақада терма жамоамиз вакили Фарангиз Рўзиева ҳам иштирок этади. Таъкидлаш жоиз, ушбу турнир Токио Олимпиадаси йўлида қимматли рейтинг очколарини тақдим қилади.

Мусобақа дастурига кўра, ҳар бир иштирокчи икки эркин дастур бўйича мураккаб элементлардан ташкил топган чиқишларини намойиш қиладилар. Бу борада Фарангиз Рўзиева Анна Каспарян қўл остида мусобақага пухта тайёргарлик олиб борди. Бокуда 2 кун давом этадиган мусобақанинг биринчи кунида саралаш баҳслари ўтказилса, иккинчи куни финал беллашувлари бўлиб ўтади.

Спортчимиз ҳақида: Фарангиз Рўзиева 1999 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия ва спорт университети 2-босқич талабаси. Ўзбекистон чемпиони, қатор халқаро турнирлар ғолиб ва совриндори, 2018 йил Индонезияда ўтказилган Осиё ўйинлари иштирокчиси.

Хуршида АБДИКУЛОВА ЎзЖОКУ талабаси

14 Fevral, 2020|Янгиликлар|