Акбар Жўраев жамоамизнинг Халқаро бирдамлик мусобақасидаги иштирокига чиройли якун ясади

Тошкентда оғир атлетика бўйича 6-Халқаро бирдамлик мусобақа ўз якунига етди. Бугун мусобақанинг сўнгги кун дастурида оғир вазнли полвонлар иштирок этишди.

Ушбу кун дастурида кўпчиликнинг диққат-эътибори -109 кг вазн тоифасида қатнашган Акбар Жўраевнинг чиқишига қаратилди. Вакилимиз даст кўтариш машқида 189 кг, силтаб кўтариш йўналишида эса 221 кг оғирликни забт этди. Шубҳасиз, бу вазндаги қолган спортчилар Жўраевнинг натижасини такрорлай олишмади ва вакилимиз 3 та олтин медалга сазовор бўлди. Таъкидлаш жоиз, бу йил 21 ёшни қарши оладиган спортчимиз даст кўтариш машқида ўзининг шахсий рекордини 1 килограммга янгилашга муваффақ бўлди.

Халқаро бирдамлик мусобақаси.
Эркаклар, -109 кг.:
1. Акбар Жўраев (Ўзбекистон) – 410 кг (189 кг, 221 кг)
2. Ибрагим Берсанов (Қозоғистон) – 387 кг (181 кг, 206 кг)
3. Ки Сам Жеонг (Жанубий Корея) – 361 кг (171 кг, 190 кг)

-102 килограмм вазн тоифасида Умарбек Шоҳназаров бронза медаллари билан тақдирланди. Таъкидлаш жоиз, ёш полвонимиз бу тоифада ўзидан анча номдор бўлган Илья Ильин ва Фарес Эльбах каби атлетлар билан муносиб рақобатлашди.

Халқаро бирдамлик мусобақаси.
Эркаклар, -102 кг.:
1. Илья Ильин (Қозоғистон) – 355 кг (160 кг, 195 кг)
2. Фарес Эльбах (Қатар) – 353 кг (159 кг, 194 кг)
3. Умарбек Шоҳназаров (Ўзбекистон) – 341 кг (155 кг, 186 кг)

Шунингдек, Долера Давронова +87 килограмм вазн тоифасида кумуш медалларни қўлга киритди.

Мазкур мусобақа яқинлашиб келаётган Токио Олимпиадаси йўлида қимматли рейтинг очколарини тақдим қилиши билан катта аҳамият касб этар эди. Вакилларимиз бундай муваффақиятли иштирок билан Олимпиада йўлида ўз ҳисобларига қимматли рейтинг очколарини ёздириб қўйишмоқда.

12 Fevral, 2020|Янгиликлар|