Халқаро оғир атлетика федерациясининг амалдаги президенти МОҚга ташриф буюрди

Хабарингиз бор, айни кунларда пойтахтимиз оғир атлетика бўйича олтинчи Халқаро бирдамлик мусобақасига мезбонлик қилмоқда. Ушбу турнир Токио Олимпиадаси йўлида қимматли рейтинг очколарини тақдим этгани учун ҳам халқаро ташкилот раҳбариятининг диққат-эътиборида бўлиб турибди. Мусобақанинг ташкил этилиши ва баҳсларни кузатиб бориш учун Халқаро оғир атлетика федерациясининг амалдаги президенти Урсула Папандреа ҳам Тошкентга ташриф буюрган. Урсула Папандреага ташкилот Бош котиби Муҳаммад Жалуд ва вице-президентлар Хосе Куинонос ҳамда Нику Влад ҳамроҳлик қилишди. Халқаро оғир атлетика федерациясининг раҳбарияти бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Делегацияни МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов қарши олди.

Бундай катта мусобақани Ўзбекистонга ишониб топширганингиз учун ташаккур. МОҚ Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда давлатимизнинг бевосита қўллаб-қувватлаши асосида мазкур мусобақага катта тайёргарлик олиб борди. Президентимиз белгилаб берган дастур бўйича 2021 йилда спорт билан шуғулланувчи мамлакатимиз ёшлари сонини 30 фоизгача кўтаришимиз лозим. Муҳтарам Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш йўлида ҳам катта иш олиб борилмоқда. Биргина оғир атлетика спорт тури мисолида олиб қарайдиган бўлсак, яқин вақтда қиймати 2 миллион АҚШ долларига тенг оғир атлетика базасининг қурилиши бошланади. Бу база Тошкент вилоятида денгиз сатҳидан 700 метр баландликдаги тоғли ҳудудда жойлашади ва бир вақтнинг ўзида 70 спортчини ўз бағрига сиғдира олади. Сентябрь ойида қиличбозлик бўйича Тошкентда ҳакам ва мураббийларни тайёрлашга ихтисослашган халқаро академия иш бошлайди. Агар ташаббусимизни қўллаб-қувватласангиз, оғир атлетика бўйича ҳам Марказий Осиё мамлакатлари учун мана шундай академия ташкил қиламиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Ўз навбатида халқаро ташкилотининг амалдаги раҳбари ўтказилаётган мусобақа ҳақида ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

 

Аввало, бизни мана шундай илиқ қабул қилганингиз учун ташаккур. Ўзбекистонда соғлом авлодни тарбиялаш борасида олиб борилаётган бундай ғояни мен ҳам қўллаб-қувватлайман. Бу ёшларнинг ҳар томонлама жисмонан етук бўлиб вояга етишларида катта аҳамият касб этади. Оғир атлетика Ўзбекистонда энг ривожланган спорт турларидан эканига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Ўтказилаётган мусобақа ҳам жуда юқори савияда ташкил этилганини алоҳида айтиб ўтмоқчиман. Сиз илгари сурган ғоя ҳақиқатда ажойиб. Ўйлайманки, Халқаро Олимпия қўмитаси ҳам бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлайди”, – деди Урсула Папандреа.

Суҳбат давомида ташкилотлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, оғир атлетикани юртимизда янада ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича қатор истиқболли режалар муҳокама қилинди. Ташриф давомида мартабали меҳмон МОҚ музейига ҳам ташриф буюриб, ўзбек спортининг буюк ўтмиши ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлди.

11 Fevral, 2020|Янгиликлар|