«Олтин медал меники бўлар эди, агар….»

Кеча пойтахтимизда давом этаётган оғир атлетика бўйича Халқаро бирдамлик мусобақасида бир қатор вазн тоифаларидаги баҳсларга гувоҳ бўлдик. Юртдошимиз Достон Ёқубов (-73 кг) ўз чиқишлари давомида 1 та бронза ва 2 та кумуш медалларга сазовор бўлди. Ушбу вазн тоифасида туркиялик номдор оғир атлетикачи, Рио олимпиадаси совриндори Данияр Исмаилов ҳар 3 йўналишда олтин медалларга эгалик қилди ва «Ўзбекистон» спорт мажмуасида Туркия байроғининг баланд кўтарилишига замин яратди.

Кумуш медал соҳиби Достон Ёқубов тақдирлашдан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди: » Натижам ёмон бўлмади, деб ўйлайман. Вазн ташлаганлигим сабаб ўзимни яхши ҳис қилмадим. Машғулотларни ҳам кўнгилдагидек олиб боролмагандим. Танамда оғирлик ҳис қилганлигим руҳий ҳолатимга салбий таъсир ўтказди. Машғулотларда кўтарган оғирликдаги тошларни мусобақада кўтарганимда, албатта, олтин медални олар эдим. Бироқ, ҳар доим ҳам машғулотлар ва мусобақалар бир хил бўлавермайди. Энди бор эътиборимни Қозоғистондаги Осиё чемпионатига қаратаман. Келгуси турнирларда Ватанимиз байроғини баланд кўтариш учун тинимсиз ҳаракат қиламан».

Сарвиноз Рахмонқулова ЎзЖОКУ талабаси