Кумушхон Файзуллаева: “Бу меҳнатимиз самараси”

Пойтахтимиз мезбонлик қилаётган оғир атлетика бўйича халқаро Бирдамлик мусобақаларининг иккинчи кун баҳсларида олтин медални қўлга киритган ютдошимиз Кумушхон Файзуллаева (-71 кг) ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Халқаро бирдамлик мусобақасига жуда яхши тайёрланган эдим. Йил бошидан ўқув-машғулот йиғинида аъло даражада қатнашдим ва меҳнатимиз ўз самарасини берди. Бугун даст кўтаришда 99 кг, силтаб кўтаришда эса 124 кг оғирликдаги тошни кўтардим. Бундан жуда ҳурсандман. Сабаби, у шахсий рекордимдан 1 килограмга оғир. Бу натижа эвазига Токио-2020 Олимпиада рейтингидаги ўрнимни анча яхшилаб оламан. Ҳозир юртимизда барча спорт турларига бўлгани каби оғир атлетикага ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Бизга жаҳон стандартлари даражасида шароит яратиб берилган. Бунинг учун, албатта, муҳтарам президентимизга ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Ушбу шароитларга мос жавоб қайтарган ҳолда Tокио Олимпиадасида юқори ўринларни эгаллайман«, – деди Кумушхон Файзуллаева.

Аброр ЖЎРАҚУЛОВ ЎзЖОКУ талабаси