Муаттар Набиева Халқаро бирдамлик мусобақасида жамоамизнинг дастлабки медалига муаллифлик қилди

Тошкентда старт олган оғир атлетика бўйича Халқаро бирдамлик мусобақасининг биринчи кун беллашувлари ўз якунига етди. Эътиборлиси, мусобақанинг биринчи кун беллашувидаёқ терма жамоамиз ўзининг дастлабки медалига сазовор бўлди.

Аёллар ўртасида -55 килограмм вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Муаттар Набиева мусобақада 3 та кумуш медални қўлга киритди. Вакиламиз даст кўтаришда 89 кг, силтаб кўтаришда эса 111 килограмм натижа қайд этди. Ҳар бир йўналишда Набиевадан 1 килограммдан юқори кўрсаткичга эга бўлган нигериялик атлет олтин медалларга эгалик қилди.

Оғир атлетика бўйича Халқаро бирдамлик мусобақаси.
Аёллар, -55 кг
1. Адижат Оларинойе (Нигерия) – 202 кг (90 кг + 112 кг)
2. Муаттар Набиева (Ўзбекистон) – 200 кг (89 кг + 111)
3. Кристина Шерметова (Туркманистон) – 195 кг (85 кг + 110 кг)

Шу тариқа вакиламиз Токио Олимпиадаси йўлида қимматли рейтинг очколарига ҳам эга бўлмоқда. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мазкур натижа билан Ўзбекистон оғир атлетика федерациясини муборакбод этиб, мусобақанинг қолган кунларида ҳам спортчиларимизга муваффақият ва ғалабалар тилаб қолади.