Франция шокда! Тедди Ринер енгилди, Болтабоев эса финалда!

Франция пойтахти Париж шаҳрида дзюдо ўйича Катта дубулға туркумига кирувчи мусобақа ўз якунига етиб бормоқда. Айни пайтда кечки дастурда медаллар учун кураш олиб борувчи вакилларимиз номи маълум бўлди.

Бугун -81 килограмм вазн тоифасидаги баҳслар терма жамоамиз учун омадли ўтмоқда. Бу вазнда Шарофиддин Болтабоев финал йўлланмасини қўлга киритди. Ҳамюртимиз финал йўлида амалдаги жаҳон чемпиони ва рейтинг етакчиси исроиллик Саги Мукини, япониялик Сотаро Фуживарани мағлуб этишни уддалади. Шарофиддиннинг финалдаги рақиби бельгиялик ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпиони Маттиас Кассе бўлади.

Камолиддин Расулов эса чорак финалдаги мағлубиятдан сўнг ўтиш босқичидаги ғалаба эвазига бронза медали учун курашиш имкониятига эга бўлди. Расулов ярим финалда Болтабоевга енгилган Фуживарага қарши татамига чиқади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати франциялик афсонавий дзюдочи Тедди Ринернинг сал кам 10 йил давом этган 154 беллашувдан иборат ғалабали сериясига якун ясалди. Япониялик Кокоро Кагеура Ринерни мағлуб этган тўртинчи дзюдочига айланди. Эслатиб ўтамиз, Тедди Ринер (+100 кг) фаолияти давомида бунгача ҳамюртимиз Абдулло Тангриев ва яна 2 япон дзюдочисига мағлуб бўлган.

Афсуски, бугун татамига чиққан бошқа вакилларимиз медаллар учун курашни эрта тарк этишди.

9 Fevral, 2020|Янгиликлар|