Оғир атлетика бўйича Халқаро бирдамлик мусобақасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

Хабар берганимиздек, бугун пойтахтимизда оғир атлетика бўйича олтинчи Халқаро бирдамлик мусобақаси старт олди. Бироз аввал Токио Олимпиадасига қимматли рейтинг очколарини тақдим қилувчи мазкур мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Халқаро оғир атлетика федерациясининг (ХОАФ) амалдаги президенти Урсула Папандреа ва ХОАФнинг раҳбарияти, Халқаро бирдамлик спорт федерацияси Бош котиби Муҳаммад Солиҳ Ал Ғарнас, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раиси Ботир Зокиров, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов ва катта спорт жамоатчилиги, ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Маросимда сўзга чиққанлар ташкил қилинган мазкур мусобақанинг аҳамияти ва мавқеи ҳақида тўхталиб, барча иштирокчиларга омад ва зафарлар тилаб қолишди. Тадбир давомида янграган куй-қўшиқлар ва рақслар йиғилган барча меҳмонларга кўтаринки кайфият улашди.

Биринчи кун дастурида -49 килограмм вазн тоифасида иштирок этган вакилимиз Озода Ҳожиева мусобақани тўртинчи ўринда якунлади. Бироздан сўнг ўз вазн тоифаларида ғолибликка асосий даъвогар дея эътироф этилаётган Оғабек Нафасов (-61 кг) ва Муаттар Набиева (-55 кг) каби етакчи вакилларимизнинг иштироки кутиб турибди.

9 Fevral, 2020|Янгиликлар|