Ҳикматиллоҳ Тўраев Париж Катта дубулға турнирининг совриндорига айланди

Франциянинг Париж шаҳрида дзюдо бўйича Катта дубулға туркумига кирувчи мусобақанинг биринчи кун беллашувлари ўз якунига етди. Қувонарлиси, ушбу кун терма жамоамиз учун муваффақиятли ўтди.

-73 килограмм вазн тоифасида татамига чиққан ҳамюртимиз Ҳикматиллоҳ Тўраев шоҳсупага кўтарилди. Вакилимиз мусобақани ботсваналик рақиби устидан қозонган ғалабаси билан бошлади. Шундан сўнг иккинчи даврада Озарбайжон вакилини, учинчи даврада эса Рио Олимпиадаси чемпиони италиялик Фабио Базильени доғда қолдирди. Афсуски, чорак финалда мўғилистонлик Цагбатар Ценд-Очирга қарши баҳс Тўраев учун муваффақиятсиз якунланди. Вакилимиз ўтиш босқичида ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони тожикистонлик Сомон Маҳмадбековни мағлубиятга учратди. Бронза медали учун кечган беллашувда эса туркиялик Билал Чилоглу устидан ғалаба қозониш учун атиги 10 сония сарфлади холос.

Шу тариқа сурхондарёлик полвон Токио Олимпиадаси йўлида ўз ҳисобига 500 рейтинг очкосини қўшиб қўймоқда.

8 Fevral, 2020|Янгиликлар|