Халқаро оғир атлетика федерацияси раҳбари “Ўзбекистон” спорт мажмуасини кўздан кечирди

Эртага пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида оғир атлетика бўйича 6-халқаро бирдамлик мусобақаси старт олади. Токио Олимпиадасига қимматли рейтинг очколарини тақдим қилувчи мазкур мусобақага қизиқиш катта. Шу боис ҳам айни пайтда Халқаро оғир атлетика федерациясининг (ХОАФ) раҳбарияти ҳам Тошкентда бўлиб туришибди.

Бугун ХОАФ президенти вазифасини бажарувчи Урсула Гарза Папандрен ҳамда Осиё оғир атлетика федерацияси вице-президенти, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов баҳслар ўтказиладиган арена ва тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишишди. Ташкилий ишлар барчаси аъло даражада йўлга қўйилган бўлиб, спортчиларнинг чигалёзди машқлари ва баҳслар ўтадиган майдон эртангги беллашувларга шай турибди.

Халқаро бирдамлик мусобақасида иштирок этиш учун дунёнинг 62 мамлакатидан 300 дан ортиқ спортчи иштирок этади. Бу эсу мусобақага бўлган қизиқишнинг янада ортишига сабаб бўлмоқда. Эртага эркаклар ўртасида 2 вазн тоифасидаги баҳслар бўлиб ўтса, аёллар 4 вазн тоифасида мусобақа ғолиблиги учун супачага чиқишади. Шунингдек, соат 14:00 да мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.

8 Fevral, 2020|Янгиликлар|