Тошкентда Халқаро қиличбозлик академияси очилади

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан юртимизда спорт соҳасида олиб борилаётган қатор ислоҳотлар секин-аста ўз самарасини бериб келмоқда. Бунга спортчиларимизнинг халқаро майдонда қайд этиб келаётган юқори натижалари мисол бўла олади.

Сир эмаски, юртимизда бокс, дзюдо, спорт курашлари, оғир атлетика каби йўналишлар ривожи бошқаларидан бир мунча юқори бўлиб, эндиликда қолган спорт турларини янги босқичга олиб чиқиш борасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда. Пойтахтимизга ташриф буюрган Халқаро қиличбозлик федерациясининг Ижроқўм вакиллари Азе Эрика, Новак Перович ҳамда Виталий Логвин иштирокида Миллий олимпия қўмитасида бўлиб ўтган бугунги учрашувда шу каби масалалар муҳокама қилинди. Мартабали меҳмонларни МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов қарши олди.

“Сизларнинг ташрифингизни интизорлик билан кутаётган эдик. МОҚга келгунимча 2 йил Ўзбекистон қиличбозлик федерациясида раҳбар бўлиб ишладим. Бу орада жаноб Логвиндан улкан тажриба олдим. Мамлакатимизда спортнинг бу қадар жадал юксалиб бориши замирида муҳтарам Президентимизнинг жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратаётган эътиборлари ётибди. Хусусан, юртимизни ривожлантириш стратегияси асосида ишлаб чиқилган 5 муҳим ташаббуснинг бири ҳам айнан жисмоний тарбия ва спортга қаратилган. Ҳурматли юртбошимиз қўшни мамлакатлар билан иқтисодий, сиёсий ва маданий соҳалардаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамладилар. Биз энди буни спорт соҳасида ҳам давом эттиришимиз даркор. Шу маънода биз Марказий Осиё қиличбозлик конфедерациясини ташкил қилдик. Ҳозирда Эрон ва Мўғилистон федерациялари бу ташкилотимизга қўшилиш истагини билдиришди. Ишонаманки, Сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз асосида ташкил қилинадиган академия юртимизда қиличбозлик спортининг янада оммавийлашишига туртки бўлади”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Ўз навбатида халқаро ташкилот вакиллари академия учун мўлжалланган ҳудуд ва базаларни кўздан кечириб, бу борадаги таассуротлари билан ўртоқлашишди.

Бу Ўзбекистонга қилган илк ташрифим эмас. Бундан аввал 2015 йил кадетлар ва ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионати вақтида Тошкентга келганман. Шуни айтишим мумкинки, мазкур мусобақа ёшлар миқёсида ташкил қилинган энг яхши дунё биринчиликларидан бири бўлган эди. Ўзбекистонда барча соҳада тизимли ишлар йўлга қўйилган. Биз ҳам бундай имкониятлар заминида қиличбозликни ривожлантириш учун қўлимиздан келган ёрдамни аямаймиз”, – деди Новак Перович.

Суҳбат сўнгида меҳмонларга МОҚнинг эсдалик совғалари тақдим қилинди. Шунингдек, халқаро ташкилот вакиллари ташрифлари давомида МОҚ музейи ва Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази фаолияти билан яқиндан танишишди.

Маълумот учун, халқаро академия юқори малакали ҳакам ва мураббийларни етиштириш учун хизмат қилади. Академия Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда пойтахтимиздаги қиличбозлик марказининг базаларида жорий йилнинг сентябрь ойида очилиши режалаштирилган.

4 Fevral, 2020|Янгиликлар|