Қорақалпоғистонда дзюдо бўйича халқаро турнир старт олди

Бугун Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида 2000-2002 йилларда туғилган ёшлар ўртасида дзюдо бўйича халқаро турнир бошланди. Ушбу мусобақа спорт устаси, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий ҳамда халқ таълими аълочиси М.Ж.Сарсенбаев соврини учун ташкил этилди. Халқаро турнирда юртимиз дзюдочиларидан ташқари қўшни мамлакат спортчилари ҳам совринли ўринлар учун татамига чиқади. Бироз аввал мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ижтимоий масалалар бўйича қўмита раиси Довуд Қурбонёзов ва МОҚ президенти маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов ҳам сўзга чиқиб, юртимизда спортга қаратилаётган эътибор, хусусан, Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатноманинг моҳияти ҳақида тўхталиб ўтишди.

Шунингдек, мусобақа арафасида яқин ўтмишимизнинг ёрқин дзюдочилари Ришод Собиров ҳамда Абдулло Тангриев, терма жамоамизда фаолият олиб бораётган япониялик мутахассис Томи Тори ёш дзюдочилар билан учрашдилар ва уларга ўзига хос мастер-класс намойиш қилиб беришди. Бугуннинг ўзида мусобақанинг барча вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлади.

 

4 Fevral, 2020|Янгиликлар|