МОҚ қошидаги РСТИАМ ходимлари хайрли ишга қўл уришди

Инсон туғилмасданоқ яшаш ҳуқуқига эга бўлади. Шундай экан, у туғилиб, вояга етгунгача бўлган даври мобайнида ҳар қандай имтиёзга ҳақли. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ташаббуси билан яна бир хайрли иш амалга оширилди. МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий амалий маркази (РСТИАМ) томонидан бугун Тошкент шаҳар Болалар уйининг таълим-тарбия ва даволаш-соғломлаштириш давлат муасссасасида етим, ота-онасининг қаровисиз қолган ҳамда психологик ва физиологик ривожланиши орқада қолган 72 нафар болалар тиббий кўрикдан ўтказилди.

Кўрик жараёнида марказда фаолият олиб борадиган тор доирадаги шифокорлар (педиатр, офтальмолог, отоларингилог, дерматолог, хирург, психолог ва эндокринолог) мазкур даргоҳда яшаётган болакайларни тиббий кўрикдан ўтказишди. Бундай тадбирларни ташкил қилишдан кўзланган мақсад, аввало, келажагимиз эгаларига юксак эътибор ва меҳр кўрсатишдир. Уларнинг соғлом бўлиб вояга етиши жамият ривожи учун фақатгина фойда бўлиб хизмат қилади.

Текширув давомида касаллиги аниқланган баъзи болакайларга мутахассислар томонидан ташхис қўйилиб, уларнинг даволаниши учун зарур шароитлар яратиб бериладиган бўлди.

3 Fevral, 2020|Янгиликлар|