Ўзбек спортида янги саҳифа очган Муроджон Аҳмадалиев тантанали кутиб олинди ва боксчимизга Президент совғалари топширилди

Куни кеча АҚШнинг Майами шаҳрида ўтказилган профессионал бокс кечасида америкалик Даниель Романни мағлубиятга учратиб, WBA ва IBF йўналишлари бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Муроджон Аҳмадалиев бугун Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Таъкидлаш жоиз, ушбу тадбир кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раиси Ачилбай Раматов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси, сенатор Алишер Саъдуллаев, ўзбек спорти фахрийлари ва кенг спорт жамоатчилиги, журналистлар ва юзлаб мухлислар иштирок этишди.

Боксчимиз тантанали кутиб олингач, асосий тадбир Олимпия шон-шуҳрати музейида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳам иштирок этиб, қаҳрамонимизга муҳтарам Президентимизнинг табригини йўллади.

Муроджон ва унинг ота-онасига, устозларига президентимиз Шавкат Миромоновичнинг табригини йўллашга ижозат бергайсиз. Юртбошимиз бундай ғалабадан жуда ҳам хурсанд бўлдилар. Муроджон, Сен профессионал боксда саккизинчи жангдаёқ икки йўналиш бўйича чемпионлик камарларини қўлга киритишдек вазифани уддалаган дунёдаги иккинчи боксчи бўлдинг. Бундай ажойиб натижа билан сени табриклайман. Наманганнинг Чустидан етишиб чиққан мана шундай содда ва камтарин инсон уммон ортида Ўзбекистон номини улуғлаб, бутун дунёга ўз ватанига бўлган муҳаббатини изҳор қилди. Бу йил спорт жамоатчилигини яна бир муҳим синов кутиб турганини яхши биламиз. Ишонаманки, Муроджоннинг мана шундай ғалабаси қолган спортчиларимизга яқинлашиб келаётган Токио Олимпиадасида янада куч-ғайрат бағишлайди”, – деди Абдулла Арипов.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Муроджон Аҳмадалиевни “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирлаш ҳақидаги Фармони ўқиб эшиттирилди ва кўрсатган жасорати учун боксчимизга Президент совғалари – Тошкент шаҳридан 3 хонали уй ва “Тracker” автомобилининг калити ҳам топширилди. Ўз навбатида, боксчимиз кўрсатилаётган бундай эътиборни келажакда оқлашга ваъда берди ва ўз олдига қўйган мақсадлари ҳақида гапириб ўтди.

Авваломбор, мени бундай ғалабани қўлга киритишимда қўллаб турган, дуода бўлган барча-барчага раҳмат. Ўзбекистоним учун жонимни беришга ҳам тайёрман ва шу юрт фарзанди эканимдан фахрланаман. Бу ғалабам муҳтарам юртбошимиз биз ёшларнинг спорт билан шуғулланишимиз учун яратиб бераётган кенг имкониятларининг натижасидир. Профессионал боксда 4 та чемпионлик камари бор. Келажакда қолган икки камарни ҳам қўлга киритиб, халқимни ўз ғалабаларим билан хурсанд қилишга ваъда бераман”, – деди Муроджон Аҳмадалиев.

Шунингдек, кўрсатилаётган бундай эътибордан тўлқинланган боксчимизнинг онаси Ойша Фаёзова ҳам ҳаяжонлари билан ўртоқлашди.

Ўғлим бир эмас иккита чемпионлик камарини юртимизга олиб келди. Бу юртбошимиз ёшларга кенг имкониятлар яратиб бераётганларининг натижасидир. Фурсатдан фойдаланиб, ўғлимнинг камтарона натижасини юқори баҳолаб, мана шундай тақдирлаганлари учун президентимизга ташаккур айтиб қоламан. Муроджонни шу даражага етишида хизмат қилган устози Тўлқин Қиличевга ҳам алоҳида раҳмат”, – деди спортчимизнинг онаси.

Шу тариқа боксчимизни кутиб олиш ва тантанали тақдирлаш маросими кўтаринки кайфиятда ўз якунига етди.