Шавкат Мирзиёев: “Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз муносиб иштирок этиши учун Ҳукумат ва Миллий олимпия қўмитаси барча шароитларни яратишлари зарур”

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев янги парламентга қилган ўз Мурожаатномасини ўқиб эшиттирди. Давлатимиз раҳбари мазкур Мурожаатномада барча соҳага алоҳида тўхталиб, қилиниши керак бўлган ишлар борасида тегишли кўрсатмалар бериб ўтди. Хусусан, Президентимиз ўз нутқларида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, қолаверса, Токио Олимпиадасига тайёргарлик борасида ҳам тўхталди.

Бу йил 269 та футбол, волейбол, баскетбол ва бадминтон майдонлари, 178 та бокс, кураш, фитнес ва гимнастика спорт заллари, 32 та теннис корти қуриш бўйича салкам 500 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилади.

Ёшлар орасида иқтидорли спортчиларни селекция қилишнинг “ташкилот – туман (шаҳар) – ҳудуд – республика” босқичларидан иборат тўрт босқичли тизими жорий этилади.

Бу йил Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз муносиб иштирок этиши учун Ҳукумат ва Миллий олимпия қўмитаси барча шароитларни яратишлари зарур”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мазкур йўналиш бўйича муҳтарам Президентимиз берган топшириқлар асосида спортчиларимизни Олимпия ва Паралимпия ўйинларига муносиб тарзда тайёрлаш, уларнинг муваффақиятли иштирок этишини таъминлаш йўлида бор имкониятини ишга солади ҳамда бу борада бизни қўллаб-қувватлаб келаётгани учун Давлатимизга ва Ҳукуматимизга ўз миннатдорчилигини изҳор қилади.

Суратлар Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизматидан олинди