Любинко Друлович: “Бугун 3 очко олишга мажбур эдик”

Қўлга киритилган ажойиб ғалабадан сўнг матбуот-анжуманига терма жамоамиз мураббийи Любинко Друлович ташриф буюриб, журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб бериб ўтди.

Ўйинда гол уришимиз осон бўлмади. Учрашувнинг биринчи қисмини анча яхши ўтказдик. Бунда кўплаб голга тортадиган вазиятлар яратдик ва тайм охирида гол урдик. Биринчи бўлимда Ойбек Бозоровнинг ҳаракати менга кўпроқ ёқди”, – дея ўз таассуротлари ҳақида ўртоқлашди Любинко Друлович.

Бугунги ўйин учун раҳмат. Ниманинг ҳисобига бугун чиройли ўйин кўрсата олдик? Эронга қарши ўйиндан сўнг футболчиларни қандай тайёрладингиз?
– Футбол эмоциялар ўйини. Эрон билан учрашувда 1 очко қўлга кирита олгандик холос. Шу боис ҳам бугун 3 очко олишга мажбур эдик. Футболчиларнинг ҳаракатидан қониқдим. Энди Жанубий Корея жамоасига қарши ўйин кутиб турибди. Улар анча тезкор эканлигини биламиз. Бугунгдан эътиборимизни ана шу баҳсга қаратамиз.

Мусобақа давомида киритаётган голларингизнинг аксарияти пенальтидан бўлмоқда. Тайёргарлик давомида шу жиҳатларда кўпроқ ишланганмиди?
– Тўғри, бу эндигина иккинчи ўйинимиз. Қолган баҳсларда ўйиннинг ўзидан ҳам гол уришга ҳаракат қиламиз. Бугун ҳам пенальтидан бир марта гол урдик, қолаверса, рақиб дарвозабонининг маҳорати эвазига бир маротаба фойдалана олмадик ҳам. Кейин ўйин давомида тўп назоратини кўпроқ ушлаб турдик ва бу бизга фойда берди.

Таркибдаги ўзгаришлар таҳлили. Тўхтасинов ва Бозоровнинг ўзгартирилиши олдиндан режалаштирилганмиди?
– Нуриллоҳ биринчи ўйинда асосий таркибда ҳаракат қилган эди. Лекин бугунги баҳсга Бозоровни танладим Боиси унда жисмоний куч кўпроқ эди. Қолаверса, ҳимоядан ҳужумга ўтишда у кўпроқ фойда берди. Якунда режаларимиз ўзини оқлади.

12 Yanvar, 2020|Янгиликлар|