Ўзбек футболининг ашаддий мухлислари жамоамизни қўллаб-қувватлаш учун Таиландга етиб келишди

Бироздан сўнг старт оладиган Ўзбекистон ва Хитой Олимпия терма жамоаларининг ўйинини барча мухлисларимиз сабрсизлик билан кутишмоқда. Орадаги масофа узоқ бўлишига қарамай кўплаб ҳамюртларимиз терма жамоамизни қўллаб-қувватлаш учун Таиланднинг Сонгхла шаҳрига етиб келишди.

Жумладан, асли шифокор хоразмлик Отабек Аллаберганов ва тошкентлик Рустам Юсупов ҳам Сонгхла шаҳрига келишган. Мухлисларимиз жамоамиз турган меҳмонхонага келиб, делегациямиз вакиллари билан ҳам учрашдилар ва ўзларининг илиқ тилакларини билдириб ўтишди.

Ўзим шифокор бўлсамда, футболга қаттиқ қизиқаман. Терма жамоамизни Осиё чемпионатида қўллаб-қувватлаш учун Таиландга келдик. Биз жамоамизга ишонамиз”, – дейди хоразмлик мухлис Отабек Аллаберганов.

Таиландга ташриф буюрган ўзбек футболи мухлислари орасида жамоамизнинг ўйинини бўлажак баҳсда бевосита стадиондан кўриш учун Андижон-Тошкент-Бангкок-Хатяи-Сонгхла йўналиши билан келган Авазбек Алимжонов ҳам бор.

Мен жамоамизни қўллаб-қувватлаш учун келдим. Биринчи ўйинда ҳар қандай жамоада турнирга мослашиш қийин бўлади. Жамоамиз мусобақада чемпионликни қўлга киритишига, ҳеч бўлмаганда Токиода ўтадиган Олимпия ўйинларига йўлланма олиб қайтишига ишонаман”, – дейди Авазбек Алимжонов.

Айни пайтда Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси жойлашган шаҳарга юртимизнинг турли вилоятларидан юзлаб ўзбек футболининг ашаддий мухлислари етиб келган. Бугунги ўйинни ойнаи жаҳондан томоша қилувчи яна миллионлаб юртдошларимиз ҳам вакилларимизга мухлислик қилишади. Умид қиламизки, футболчиларимиз мана шундай ашаддий футбол ишқибозларига бугун чиройли ғалаба тортиқ қилишади.

12 Yanvar, 2020|Янгиликлар|