Ўзбекистон делегацияси Лозаннадаги Олимпия музейида бўлди

Лозанна шаҳридаги учинчи ўсмирлар қишки Олимпия ўйинларида иштирок этаётган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигидан иборат делегациямиз вакиллари ташриф давомида дунёга машҳур Олимпия музейига ҳам ташриф буюришди. Музей атмосфераси кишига Олимпиада руҳиятини бағишлаши билан эътиборни тортади. Унда антик даврдан то бугунги кунга қадар спот оламидаги энг эътиборли лаҳзалар тасвирлаб ўтилган. Замонавий технологиялар шарофати билан бу ерда Олимпия ўйинлари деб аталмиш спорт байрамининг муҳитини ҳис эта оласиз.

Музейдаги ҳар бир экспонат спорт ўйинларининг руҳиятини берибгина қолмай миллатларни бирлаштиради. Ноанъанавий бино Лозанна қирғоқларини ювиб турувчи Женева кўлининг ёқасида қурилган. Бу ерда антик юнон даври ва ҳозирги кунгача бўлган даврда Олимпиадага тааллуқли ҳужжатлар, фильмлар, қимматбаҳо буюмлар сақланади. Музей Олимпия ўйинлари бўйича дунёдаги энг йирик ахборот маркази ҳисобланади. Ўзбекистон делегацияси ташриф сўнгида музей учун миллий совғаларимизни тақдим қилди.

Эслатиб ўтамиз, бугун учинчи ўсмирлар қишки Олимпия ўйинлари дастурида ҳамюртимиз Валерия Ковалёва тоғ чанғисининг гигант слалом йўналиши бўйича иштирок этади.

12 Yanvar, 2020|Янгиликлар|