Академик эшкак эшувчиларимизнинг ҳам йиғини қизғин давом этмоқда

Ортда қолган 2019 йил Ўзбекистон “Rowing&Canoe” федерацияси учун анча самарали якунланди. Хусусан, каноэда эшкак эшиш бўйича терма жамоамиз вакиллари Нилуфар Зокирова ҳамда Дилноза Раҳматова Токио-2020 Олимпия ўйинларига, Шаҳноза Мирзаева, Хайтмурод Шерқўзиев ва Азизбек Абдулҳабибов эса Паралимпия ўйинларига йўлланма қўлга киритишди. Бундан ташқари вакилларимиз Жаҳон кубоги ва бошқа қатор халқаро мусобақаларда ҳам муваффақиятли иштирок этдилар.

Шубҳасиз, бундай юқори натижа қайд этиш учун спортчилардан юқори жисмоний ва руҳий тайёргарлик талаб этилади. Зеро, атлетларимиз йирик мусобақалар олдидан тайёргарликнинг якуний босқичида самарали ўқув-машғулот йиғинларини олиб боришади.

Айни кунларда байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича терма жамоамиз вакиллари Туркиянинг Белек шаҳрида йиғин олиб боришмоқда. Слаломчиларимиз Ал-Айн (БАА) шаҳрида машуғлот ўтказаётган бўлсалар, академик эшкак эшувчиларимиз Тошкент денгизида жам бўлишган.

“Сўнгги икки йил ичида ўқув-машғулот жараёнининг сифати ошди. Чунки бизнинг беками кўст машқ қилишимиз учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Бунинг учун давлатимизга ўз миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз. Ўқув-йиғин машғулоти Европа стандартлари асосида янгича методда ўтмоқда. Бу эса зиммамизга катта масъулият юклайди. Биз муҳтарам Президентимиз ва халқимизнинг ишончини оқлашимиз керак. Уларнинг ишончи ва қўллаб-қувватлаши сабаб шундай муваффақиятларга эришмоқдамиз. Ҳозир менинг асосий мақсадим Токио Олимпиадасига йўлланма олиш. Шу боис бор диққат-эътиборимни шунга қаратганман ва бу маррага етишимга умид қилиб қоламан”, – деди академик эшкак эшиш бўйича Осиё ўйинлари совриндори Алишер Турдиев.

Таъкидлаш жоиз, шу ўринда ёш спортчиларга ҳам алоҳида эътибор қаратиб ўтилмоқда. Зеро, давлатимиз келажаги мана шундай ёшлар қўлида.

Маълумот учун, академик эшкак эшувчилар учун Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи қитъавий турнир апрель ойида Жанубий Кореянинг Чонжу шаҳрида ўтказилади. Бу эса спортчиларимизда йўлланма олиш учун яхшигина имконият бор эканлигини англатади. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мана шундай вазифани баражиш йўлида меҳнат қилаётган атлетларимизга омад ва зафарлар тилаб қолади.

11 Yanvar, 2020|Янгиликлар|