Дунёнинг етакчи компаниялари Ўзбекистонда халқаро мусобақаларни ташкил этиш бўйича ўз таклифларини билдирмоқда

Лозаннада ўтаётган учинчи ўсмирлар қишки Олимпия ўйинлари доирасида Ўзбекистон делегациси бир қатор расмий учрашувлар, тадбирлар ва брифингларда иштирок этмоқда. Ана шундай учрашувлардан бири кеча Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов ҳамда “bcw” компанияси раҳбари Ларс Хаю Педерсон ўртасида бўлиб ўтди. Шунингдек, учрашувда МОҚ президенти маслаҳатчиси Шерзод Асатуллаев, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Бошқарма бошлиғи Баҳодир Маматназаров ҳамда МОҚ халқаро алоқалар департаменти бош мутахассиси Наргиза Холмирзаева ҳам қатнашди.

Ушбу компания бир қатор катта масштабдаги мусобақаларни юқори даражада ташкиллаштиришда мезбон мамлакатларга ёрдам бериб келади. Ташкилот 2017 йил Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида ўтган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларини ҳам юқори савияда ўтишида хизмат қилган. Шубҳасиз, мазкур учрашувнинг бош мавзуси яқин орада Ўзбекистонда ҳам шундай йирик мусобақаларни ташкил қилиш бўлди.

Ўзбекистон бугунги кунда мазкур соҳадаги етакчи компаниялар билан мана шундай халқаро мусобақаларни замонавий талабларга мос равишда ўтказиш бўйича бир қатор ҳамкорлик таклифларини кўриб чиқмоқда. Учрашувда “bcw” компанияси ўз таклифларини тақдим қилди ва ташкилот раҳбари май ойига қадар иш режасини тўлиқ ишлаб чиқишлари ҳақида таъкидлаб ўтди. Ўз навбатида мамлакатимиз делегацияси “Ўзбекистонда туризм ва спорт” мавзусида тақдимот намойиш қилди.

Ўзбекистон йирик мусобақаларни муваффақиятли ўтказиш учун бир қатор вариантларни кўриб чиқишда давом этади. Мақсад – мамлакатимизда қитъа ва жаҳон миқёсидаги мусобақаларни энг юқори савияда ташкил этиш. Тадбир якунида ҳар икки томон ҳурмат белгиси сифатида ўзаро совғалар алмашдилар.

11 Yanvar, 2020|Янгиликлар|