Лозанна-2020 ўсмирлар қишки Олимпиадасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

Кеча Швейцариянинг Лозанна шаҳрида ўсмирлар учинчи қишки Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тантанали маросимдан аввал Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти Олимпия шаҳарчасида бўлиб, спортчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. Делегациямиз раҳбарияти учрашув доирасида олиб борилаётган машғулот жараёнлари бўйича ҳам муҳокама олиб бордилар ва мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчи Валерия Ковалёва ҳамда мураббий Андрей Вороновга омад тилаб ўтишди. Шунингдек, суҳбат давомида қишки спорт турларини ривожлантириш йўлида ҳаракатлар режаси ҳам муҳокама қилинди.

Яна бир аҳамиятли жиҳати ташриф давомида делегациямиз Бутунжаҳон таэквондо федерацияси (WT) президенти Чо Чжонвон билан ҳам учрашиб, таэквондо спортининг тараққиёти йўлидаги ҳамкорлик бўйича суҳбат ўтказишди.

Шундан сўнг барчанинг эътибори мусобақанинг тантанали очилиш маросимига қаратилди. “Malley” муз саройида ўтказилган маросим ёш спортчи ва меҳмонлар, бутун дунёдан ташриф буюрган делегация вакиллари учун бир олам қувонч бағишлади. Мамлакатлар парадида эса спортчимиз Валерия Ковалёва бош майдонга мағрур байроғимизни кўтариб чиқди.

Маълумот учун, мазкур мусобақада Валерия Ковалёва 12 январь куни гигант слалом йўналишида иштирок этса, 14 январь санасида слалом бўйича ўз омадини синаб кўради. Таъкидлаш жоиз, спортчи ва мураббийимиз мазкур йўналишлар ўтадиган трасса билан яқиндан танишиб улгурдилар ва ҳар куни тайёргарлик жараёнини олиб боришмоқда.

10 Yanvar, 2020|Янгиликлар|