Любинко Друлович: “Кейинги учрашувларда ёрқинроқ ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз»

Бироз аввал Ўзбекистон ва Эрон Олимпия терма жамоалари Осиё чемпионати доирасида тўқнаш келишди ва жамоалар 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекдилар. Анъанага мувофиқ, учрашувдан сўнг матбуот-анжумани бўлиб ўтди. Дастлаб эронликлар мураббийи Ҳамид Эстили матбуот анжуманида иштирок этиб, ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Ҳамид Эстили (Эрон): “Ҳар бир мусобақада биринчи ўйин қийин бўлади. Биз мусобақани турнирнинг амалдаги ғолиби – Ўзбекистон терма жамоаси билан бошладик. Ўйин давомида яхши имкониятларни яратдик, бироқ ундан фойдалана олмадик. Биринчи бўлимда биргина хатомиз пенальтига олиб келди. Менимча, шогирдларим яхши ўйин намойиш қилишди. Улардан мамнунман. Иккинчи таймда яхши ўзгаришлар қилдик ва бу бизга фойда берди”.

– Бир неча ой муқаддам Тошкентда 2 та ўртоқлик ўйини ўтказиб иккисида ҳам мағлуб бўлган эдингиз. Бироқ бугун умуман бошқача ўйин чиқди. Қандай изоҳ бера оласиз?
– Бизда бу мусобақага тайёргарлик жараёнида кўп ўзгаришлар бўлди. Тошкентдаги ўртоқлик учрашувларида асосан тактик жиҳатларга эътибор қаратган эдик. Таркибдаги ўзгаришлар сабаб биз бошқача ўйин қила олдик.

Эронлик мураббийдан сўнг Любинко Друлович матбуот-анжуманида иштирок этди.

Любинко Друлович: Ўйин қизиқарли ўтганини айтиб ўтиш мумкин. Икки яхши жамоа тўқнаш келди. Эронликлар жисмоний жиҳатдан доимо яхши бўлиб келишган. Биринчи ўйин осон бўлмади. Бу баҳсда ғалаба қозонишга астойдил ҳаракат қилдик, аммо якун дуранг бўлди.

– Асосий таркибда Миллий терма жамоадаги ўйинчилар ишончни оқлай олмади, менимча. Уларнинг бошланғич таркибда тушишига нима асос бўлди?
– Улар саралаш ўйинлари, ички чемпионатда яхши ўйин кўрсатишди. Ҳа, улар бугун бор имкониятларини ишга сола олишмади. Ишонаманки, кейинги учрашувларда ўзларини яхши томондан кўрсата олишади.

– Ўзбекистон жамоаси икки хил тайм ўтказди. Бунга сабаб нима?
– Дастлабки 15-20 дақиқа Эрон прессинглар билан яхши ўйин намойиш қилди. Аммо учрашувнинг қолган қисмидан ўз ўйинимизни топа олдик. Иккинчи таймда эса баъзи хатоларга йўл қўйдик. Хусусан, гол ўтказиб юборган вазиятимизда. Иккинчи тайм охирида ҳар икки жамоада, айниқса, бизда бир яхши имконият бўлди. Аммо ундан фойдалана олмадик.

Ўзбекистон 2018 йил чемпион бўлган эди. Лекин бу мусобақани дуранг билан бошлади холос. Муваффақиятни такрорлай оласизми?
– Осиё чемпионатида ғалаба қозониш қийин. Шу чемпионликни ҳимоя қилиш ундан ҳам мураккаб. Биз шу вазифани бажаришга ҳаракат қиламиз. Иккинчи ўйинимиз Хитой билан кечади ва кейинги ўйинларда ёрқинроқ ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

9 Yanvar, 2020|Янгиликлар|