Томас Бах Лозаннада Ўзбекистон делегацияси билан учрашди

Бугун Швейцариянинг Лозанна шаҳрида ўсмирлар ўртасида учинчи қишки Олимпия ўйинлари старт олади. Мазкур мусобақада Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этиши ҳақида хабар берган эдик.

Кеча Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) президенти Томас Бах мусобақадан аввал бир қатор делегациялар билан учрашди. Эътиборлиси, улар орасида Ўзбекистон делегация ҳам Томас Бахнинг эътиборидан четда қолгани йўқ. ХОҚ президенти делегациямиз билан ўтказган суҳбати давомида юртимизда Олимпия ҳаракатининг жадаллик билан ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади ва мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган Валерия Ковалёвага омад тилаб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, ҳамюртимиз 12-14 январь кунлари ўтадиган тоғ чанғисининг бир қатор йўналишларида иштирок этиши белгиланган. Спортчимиз унгача тажрибали мураббий Андрей Воронов қўл остида ҳозирлик кўради. Мусобақанинг тантанали очилиш маросими бугун маҳаллий вақт билан 20:00 да бошланади.