Қаҳратон қиш ҳам паралимпиячиларимизни тўхтата олмайди

Рио-2016 Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси ўз ғалабалари билан халқимизни хушнуд қилган эди. Энди спортчиларимиз, мураббийларимиз ва Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раҳбарияти олдида мазкур натижани Токиода ҳам қайтариш вазифаси турибди. Айни пайтда делегациямиз ҳисобида 16 та Токио Паралимпия ўйинлари лицензияси турибди. Бу ҳали ҳаммаси эмас, албатта.

Паралимпиячиларимиз Токио-2020 йўлланмаларини максимал даражада кўпайтириш учун астойдил бел боғлаган. Бунинг учун эса лицензион мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиш талаб қилинади. Шу мақсадда пара-атлетика ва пара-пауэрлифтинг бўйича терма жамоамиз вакиллари янги йиғинни бошлаб юборишди. Қиш қаҳратонидаги инжиқлик эса улкан матонат эгаларини сира тўхтата олгани йўқ. Машғулотлар Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси майдонида кунига икки маҳалдан йўлга қўйилган. Лицензион мусобақаларда жамоа таркибига кириш учун пара-атлетикачиларимиз машғулотда бор куч-ғайратларини ишга солмоқдалар.

Ҳозир менинг бор эътиборим февраль ойида Таиландда бўлиб ўтадиган лицензион мусобақага қаратилган. Бу Паралимпия ўйинларига йўлланма қўлга киритиш учун қулай имконият. Апрель ойида эса яна бир муҳим турнир кутиб турибди. Шундан сўнг лицензиатлар номи тўлиқ маълум бўлади. Фурсатдан фойдаланиб, бизга шундай эътибор қаратаётган муҳтарам Президентимиз, Миллий олимпия қўмитаси ва Паралимпия ассоциацияси раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни айтиб қоламан”, – деди пауэр-лифтингчи Рўза Қўзиева.

БААдаги жаҳон чемпионатида Паралимпиада йўлланмасига эга бўлдим. Бундай натижа кўрсатиш осон бўлмади. Бу муваффақиятим ортида давлатимиз раҳбарининг бизга кўрсатаётган эътибори ва мураббийларимизнинг катта меҳнати ётибди. Йўлланма нақд бўлгани билан машғулотларда максимал даражада ҳаракат қиляпман. Зеро, олдимда Токио Паралимпиадасида ғалаба қозониш вазифаси турибди. Шу боис мураббийларим менга машғулотлар бўйича график тузиб беришган. Менинг асосий рақибларим Буюк Британия ва Польша вакиллари. Бор эътиборимни Ўзбекистон номини муносиб ҳимоя қилишга қаратаман”, – деди Токио-2020 Паралимпиада лицензиати Тимур Гиязов.

Пара-атлетика бўйича ўқув-машғулот йиғинлари 25 январгача давом этса, пара-пауэрлифтингчиларимиз йиғини 30 январь куни якунланади. Маълумот учун, пара-атлетика бўйича сўнгги лицензион мусобақа 10-18 март кунлари Дубай (БАА)да бўлиб ўтади. Унгача вакилларимиз тайёргарликнинг якуний босқичи ҳисобида халқаро йиғин ўтказадилар.

8 Yanvar, 2020|Янгиликлар|