Лозаннада қишки ўсмирлар Олимпиадаси старт олмоқда

9-22 январь кунлари Швейцариянинг Лозанна шаҳрида навбатдаги қишки ўсмирлар Олимпиадаси бўлиб ўтади. Учинчи бор ўтказилаётган мазкур Олимпия ўйинларида 70 мамлакатдан ташриф буюрадиган 15-18 ёш оралиғидаги қишки спорт турларининг бўлажак юлдузлари иштирок этишади. Бу галги мусобақада биатлон, чанғи пойгаси, хоккей, тоғ чанғиси, фигурали учиш, чанғи икки кураши, шорт-трек каби 16 спорт турида 81 комплект медаллар жамланмаси ўз эгаларига топширилади.

Лозанна-2020 Олимпиадасининг очилиш маросими сув спорти турлари, қиличбозлик ва стол тенниси бўйича базаларни ҳам ўз ичига олган янги “Malley” муз аренасида бўлиб ўтади. Ушбу арена замонавий жиҳозланган асосий, машғулот ва очиқ муз майдонларига ҳам эга.

Мусобадақа Валерия Ковалёва тоғ чанғиси бўйича юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Таъкидлаш жоиз, ушбу ёш спортчимиз 10-15 январь кунлари слалом, гигант-слалом, супер-гигант ва Альп комбинацияси йўналишлари бўйича иштирок этиши белгиланган. Ҳамюртимиз унгача тажрибали мураббий Андрей Воронов қўл остида ҳозирлик кўради.

Ўсмирлар қишки Олимпиадасида иштирок этаётган юртдошимизни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон делегацияси ҳам Лозаннага ташриф буюрди. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бўлажак мусобақада спортчимизга омад ва зафарлар тилаб қолади.

Маълумот учун, Лозанна шаҳри расман Олимпия пойтахти деб ҳам юритилади. Зеро, Халқаро Олимпия қўмитаси, шунингдек, бир қатор халқаро спорт федерацияларининг штаб-квартираси айнан ушбу шаҳарда жойлашган.

7 Yanvar, 2020|Янгиликлар|