Лицензион мусобақа олдидан боксчиларимизга оқ йўл тиланди

Яна бир неча кундан сўнг бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Хитойнинг Ухань шаҳрига жўнаб кетади. 2-15 февраль кунлари Ухань шаҳри бокс бўйича Осиё қитъаси учун Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи мусобақага мезбонлик қилади. Айни пайтда терма жамоамиз ушбу турнирга тайёргарликнинг сўнгги босқичини олиб бормоқда.

Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон бокс федерацияси раҳбарияти терма жамоамиз вакиллари билан учрашиб, масъулиятли мусобақа олдидан спортчиларимизга оқ йўл тилаб қолишди. Боксчилар билан учрашув терма жамоамиз йиғин ўтказаётган Ангрен шаҳридаги Янгибод базасида бўлиб ўтди.

Унда МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, МОҚ вице-президенти, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов, федерация мутасаддилари, спортчи ва мураббийлар ҳам иштирок этишди. Рустам Шоабдураҳмонов учрашув давомида терма жамоамиз вакиллари билан кўришиб, спортчиларимиз билан яқиндан суҳбат олиб борди. Тўкин дастурхон устида Қуръони каримдан тиловат қилиниб, боксчиларимизга оқ фотиҳа берилди.

Маълумот учун, боксчиларимиз йиғини 14 январь куни ниҳоясига етади ва бир неча кундан сўнг жамоамиз Хитой сафарига йўл олади. Айни пайтда терма жамоамиз вакилларининг кайфияти аъло ва барчалари юқори спорт формасига чиқиб бормоқда.

Мана, Янгиободдаги базамизда йиғинимиз давом этмоқда. Бу ерда биз учун барча шароитлар яратиб берилган. Бунинг учун давлатимизга ташаккур айтиб қоламиз. Лицензион мусобақага тайёргарлик аъло даражада олиб борилмоқда. Биз билан спаррингда ишлаётган иккинчи, учинчи таркибимиз Осиёда анча-мунча давлатнинг асосий таркибидан кучли. Шу жиҳат бизнинг спорт формамизни янада яхшилаб олишимизга имкон беради. Умид қиламанки, Хитойдаги лицензион мусобақада тўлиқ таркиб билан Токио Олимпиадасига йўлланма олиб қайтамиз”, – деди Рио Олимпиадаси чемпиони Шаҳобиддин Зоиров.

Замон жойида тургани йўқ. Рақиблар ўсмоқда, четда янги ёш ва иқтидорли боксчилар пайдо бўляпти. Шу боис Токио Олимпиадасига олиб бораётган тайёргарлигимиз Риодагидан замонавий методда бўлмоқда, дея оламан. Ҳар бир вазнда асосий рақибларимизга қараб янгича ёндошув, янгича услублар тайёрланмоқда. Жамоамизнинг мақсади битта: халқимизни, Президентимизни ўз ғалабаларимиз билан хурсанд қилиш. Хитой турнири учун таркибнинг 80 фоизини аниқлаб олдик. Яқин кунларда таркиб тўлиқ шакллантирилгач, уни мухлисларимизга эълон қиламиз”, – деди терма жамоа мураббийи Тўлқин Қиличев.

Таъкидлаш жоиз, бугундан таэквондо бўйича терма жамоамиз ҳам Янгиободда йиғин бошлади. Мазкур тадбирда Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси раҳбари Шерзод Тошматов ва таэквондочиларимиз ҳам иштирок этиб, боксчиларимизга омад тилаб қолишди.