Янги йилни янги лицензия билан қарши оламиз

Янги 2020 Олимпиада йилининг илк кунлари хушхабар билан бошланди. Бутунжаҳон таэквондо федерацияси (WT) Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи якуний рейтинг жадвалини эълон қилди. Қувонарлиси, терма жамоамиз вакили Никита Рафаловичнинг номи -80 килограмм вазн тоифасида рейтинг орқали Токио Олимпиадасига йўлланма олган таэквондочилар қаторида келтириб ўтилди.

Ҳамюртимиз -80 килограмм вазн тоифасида якуний жадвалнинг тўртинчи поғонасида келтириб ўтилган. Рафалович 2 йил давомида ўтган баҳслар мобайнида 306.89 балл тўплашга муваффақ бўлди. Таэквондо бўйича Токио Олимпиадасига йўлланма олган спортчиларнинг рейтинг жадвали:

-80 кг. вазн тоифаси:

1. Максим Храмцов (Россия) – 558.95
2. Милад Беиги (Озарбайжон) – 445.22
3. Чек Сиссе (Кот д`Ивуар) – 355.57
4. Никита Рафалович (Ўзбекистон) – 306.89
5. Рауль Гарсия (Испания) – 286.06
6. Тони Канает (Хорватия) – 283.69

Мазкур йўлланма терма жамоамизнинг Токио-2020 Олимпия ўйинларига қўлга киритган ўн бешинчи лицензияси бўлди. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бундай ажойиб натижа билан барча юртдошларимизни, Ўзбекистон таэквондо ассоциациясини муборакбод этиб қолади.

Маълумот учун, Осиё қитъасида Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи якуний лицензион мусобақа 10-11 апрель кунлари Хитойда бўлиб ўтади. Ушбу мусобақада таэквондочиларимиз яна 3 та Олимпиада лицензияси учун кураш олиб боришади.