МОҚ раҳбари янги мавсум олдидан байдарка ва каноэчиларимиз билан учрашди

Эртадан байдарка, каноэ ва слаломда эшкак эшиш бўйича терма жамоаларимиз янги мавсумга тайёргарлик кўриш учун халқаро ўқув-машғулот йиғинига жўнаб кетишади. Бугун Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов федерация раҳбарияти, мураббийлар штаби ва спортчилар билан учрашди. Суҳбат очиқ мулоқот тарзида ўтиб, МОҚ раҳбари спортчи ва мураббийлар билан яқиндан гаплашди ва олдинга қўйилган режалар хусусида фикр-мулоҳазалар алмашди.

Олимпиада саралаш цикли ҳам якунланиб бормоқда. Бу, аввало, сизлар учун берилган имконият. Балки бу охиргиси ҳам мумкин. Шундай экан ундан самарали фойдаланиш ўз қўлингизда. Эртага Токиодан қаҳрамон бўлиб қайтсангиз, ортингиздан ёш авлод ҳам спортга янада қизиқади. Бу эса юртимизда оммавий спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланувчиларнинг сони кўпайишини англатади. Давлатимиз сизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Шахсан муҳтарам Президентимиз Токио Олимпиадасига тайёргарлик жараёнига катта эътибор қаратган. Бўлажак мавсумда барчангизга омад ёр бўлсин!”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Учрашув давомида МОҚ раҳбари ҳар бир спортчи билан тайёргарлик жараёни ва келгусидаги режалар ҳақида индивидуал тарзда гаплашиб чиқди.

Маълумот учун, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича терма жамоамиз ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш учун эртага Туркиянинг Белек шаҳрига йўл олади. Слаломчиларимизни эса БААнинг Ал-Айн шаҳридаги йиғин кутиб турибди. Ушбу йиғинлар март ойида Осиё қитъаси учун Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи сўнгги лицензион мусобақага тайёргарликнинг асосий босқич вазифасини ўтаб беради.

3 Yanvar, 2020|Янгиликлар|