Иньеста, Вилья ҳамда Подольски “Токио Олимпия стадиони”да ғалаба қозонган илк юлдузлар бўлишди

Яна бир неча ойдан сўнг бўлиб ўтадиган Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига мезбонлик қилувчи “Токио Олимпия стадиони” ўзида дастлабки расмий спорт мусобақасини қабул қилди. Маълум қилганимиздек, унда футбол бўйича Япония Император кубогининг финал баҳси бўлиб ўтди.

Ҳал қилувчи ўйинга “Виссел Кобе” ҳамда “Кашима Антлерс” жамоалари етиб келди. Муросасиз кечган баҳсда “Виссел Кобе” 2:0 ҳисобида устун келди. Яна бир аҳамиятли жиҳати, мазкур жамоа Адреас Иньеста, Лукас Подольски, Давид Вилья ва Томас Вермален каби таниқли футбол юлдузларини ўзида жамлаган. “Виссел Кобе” шу тариқа ўз тарихида илк бор Осиё чемпионлар лигаси йўлланмасини ҳам қўлга киритди.

Маълумот учун, 68 000 мухлисни ўз бағрига сиғдира оладиган ва Токио-2020 Олимпия ўйинлари учун махсус қурилган ушбу арена қурилишига 1.4 миллиард АҚШ доллари сарфланган.

2 Yanvar, 2020|Янгиликлар|