Устозлар ва ота-оналар оқ фотиҳа билан олимпиячиларимизни кузатиб қўйишди

Хабарингиз бор, 8-26 январь кунлари Таиланднинг Бангкок шаҳрида 23 ёшгача футболчилар ўртасида Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Мазкур мусобақада Любинко Друлович бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этади. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) билан ҳамкорликда ушбу мусобақада иштирок этувчи футболчиларимизни кузатиш маросимини ташкил қилди. Пойтахтимиздаги “Ramada” меҳмонхонасида ўтказилган маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, МОҚ, ЎФА ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти, ўзбек спорти фахрийлари, футболчиларимиз ва уларнинг ота-оналари, шунингдек, ОАВ ҳам иштирок этишди.

Ҳурматли футболчилар, ота-оналар мана бугун йигитларимизни кузатиш учун йиғилдик. Сизлар ушбу мусобақага тайёргарлик йўлида роса кўп меҳнат қилдингиз. Ана энди ушбу меҳнатлар самарасини кўрсатадиган вақт ҳам келди. Умид қиламизки, сизлар юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган ҳолда Токио Олимпиадаси йўлланмаси билан қайтиб келасизлар. Зеро, сизларнинг ютуғингизга муҳтарам Президентимиз ҳам ишонмоқдалар”, – деди Абдужаббор Абдувоҳидов.

Шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизов терма жамоамиз аъзоларига ишонишини таъкидлаб, олимпиячиларимизни бутун мамлакат аҳли қўллаб-қувватлашини, ўз навбатида футболчилар ушбу мададни ҳис этган ҳолда, ҳар бир учрашувда ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиш учун майдонга чиқишлари лозим эканини айтиб ўтди.

 

Тадбир давомида сўзга чиққан фахрийлар, ота-оналар ва футболчилар давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шароитлар ҳақида тўхталиб, бўлажак нуфузли мусобақада йигитларимга омад ва зафарлар тилаб ўтишди. Таъкидлаш жоиз, маросим давомида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Ахбор Имомхўжаев, айни пайтда терма жамоамизда фаолият олиб бораётган қиличбозлик бўйича 3 карра Олимпиада чемпиони Владимир Назлимов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Комилжон Худойберганов футболчиларимизга ўзларининг илиқ ниятларини билдириб ўтдилар.

Йигитларимиз номидан эса жамоа сардори Ислом Қобилов сўз олиб, футболчиларнинг яхши ва жанговор кайфиятда экани ҳақида тўхталиб ўтди.

 

Футболчиларимизга ўзларининг илиқ тилакларини билдириш учун ташриф буюрган Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон Ватан ҳақидаги қўшиқлари билан йигитларимизнинг руҳиятини янада кўтаришди. Шундан сўнг Қуръони карим оятларидан тиловат қилиниб, терма жамоамизга оқ фотиҳа берилди.

Мусобақанинг амалдаги ғолиби сифатида Таиландга ташриф буюрадиган Олимпия терма жамоамиз эртага тонгда БАА сафарига йўл олади. Бу ерда жамоамиз бир неча кун давомида йиғин ўтказади ва БААдан тўғри Таиланддаги Осиё чемпионатига йўл олишади. Эслатиб ўтамиз, вакилларимиз Осиё чемпионатида Эрон, Хитой ва Жанубий Корея терма жамоалари билан бирга «С» гуруҳидан ўрин олган.