Нагоя мерияси делегацияси Миллий олимпия қўмитасида меҳмон бўлди

Токио Олимпиадасига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бу борада кенг дастурли ишларни давом эттирмоқда. Бугун МОҚга Япониянинг Нагоя шаҳри мэрияси ва мамлакат ҳукумати вакилларидан иборат катта делегация ташриф буюрди. Меҳмонларни МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов қарши олди ва юртимизда Токио Олимпиадасига олиб борилаётган тайёргарлик ҳақида гапириб берди.

Авваломбор, шаҳримизга хуш келибсиз. Ўзбекистонда Токио Олимпиадасига тайёргарлик айни авжида. Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан бу борада катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда. Биз Олимпиада пайтида қўллаб-қувватлаш гуруҳини Токиога жўнатиш ниятидамиз. Шубҳасиз, бундай режани элчихона ёрдамисиз амалга ошириш амри маҳол. Қолаверса, яқинда юртимиз бўйлаб дзюдо, стол тенниси, каратэ, теннис спорт турлари бўйича япон спорти ҳафталиги ташкил қилинди. Унда япониялик етакчи мутахассислар маҳаллий мураббийлар билан ўз билим ва кўникмаларини ўртоқлашди. Япония ҳукумати билан катта ҳамкорлик йўлга қўйилган. Умид қиламанки, сизнинг ташрифингиз бундай дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлайди”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Ўз навбатида Нагоя шаҳри мэри жаноб Кавамура Такаши ҳам самимий қабул учун ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди.

Қимматли вақтингизни аямай бизни қабул қилганингиз учун самимий миннатдорчилик билдириб қоламан. Нагоя спортсевар шаҳарлардан бири. Буни 2026 йилги ёзги Осиё ўйинларини қабул қилишимиз ва унга ҳозирданоқ тайёргарлик ишлари бошлаб юборилганидан билиб олиш мумкин. 15 декабрь куни Тошкентда Нагоя шаҳри билан ҳамкорликда йирик тадбир ташкил қилиш режалаштирилган. Ўзбекистонлик спортчиларни жуда яхши биламиз. Токио Олимпиадаси якунига етгач, ўзбек спортчиларини шаҳримиз бўйлаб ўтказиладиган экскурсияга таклиф этиб қоламан”, – деди Кавамура Такаши.

Суҳбат давомида Токио Олимпиадасидан аввал гимнастика бўйича терма жамоамиз вакиллари учун ушбу шаҳарда ўқув-машғулот йиғинини ташкил қилиш, қолаверса, ўзбек-япон халқларининг алоқаларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасида атрофлича муҳокамалар олиб борилди