Олимпия ўйинлари чемпиони, афсонавий дзюдочи Илиас Илиадис Ўзбекистон дзюдо федерацияси билан шартнома имзолади

Жаҳон спортида ўз номини қолдириб улгурган Афина-2004 Олимпия ўйинлари ғолиби, жаҳоннинг уч карра чемпиони, грециялик Илиас Илиадис бугун Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи сифатида мамлакат дзюдо федерацияси билан шартнома имзолади. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида ўтказилган ушбу тадбирда МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов, МОҚ вице-президенти, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, МОҚ вице-президенти, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов, федерация мураббийлар штаби ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Токио Олимпиадасига тайёргарлик йўлида МОҚда янги раҳбарият шаклланди. Бу раҳбарият олдига улкан вазифалар қўйилган бўлиб, ҳар биримиз зиммамизда турган масъулиятни ҳис қилиб турибмиз. Барча федерациялар, мураббийлар бир ёқадан бош чиқариб ишласак, маррага ета оламиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Ўз навбатида Азизжон Камилов ҳам терма жамоа олдига қўйилган вазифалар ҳақида гапириб ўтди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бизни қўллаб-қувватлаётани учун миннатдорчилик билдириб қоламан. Очиғи, Илиас Илиадис номзоди ҳам тўсатдан пайдо бўлди. Япония ва Европадан мутахассис излаб юрганимизда Илиадиснинг эски шартномаси якунига етиб бораётгани ҳақида эшитдик. Фурсатни қўлдан бой бермай ўзаро келишувга эриша олдик. Олдимизда вақт тобора кам қолмоқда. Биз бор имкониятимизни ишга солиб, максимум натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз”, – деди Азизжон Камилов.

Шундан сўнг Ўзбекистон дзюдо федерацияси ва грециялик Илиас Илиадис ўртасида 2020 йилнинг октябрига қадар мўлжалланган шартномага имзо қўйилди.

Маълумот учун, Илиас Илиадис 1986 йил 10 ноябрь куни таваллуд топган. 17 ёшидаёқ Афина-2004 Олимпиадаси чемпионлигини қўлга киритган, Лондон Олимпиадаси совриндори ва 3 карра жаҳон чемпиони.

Бугун Илиадис бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси ўқув-машғулот йиғинини олиб бориш учун Грузияга жўнаб кетади. 29 декабрга қадар мўлжалланган мазкур йиғин дзюдочиларимизнинг жисмоний тайёргарлигини оширишга қаратилган.