Азизжон Камилов Халқаро дзюдо федерацияси президенти билан учрашди

Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) президенти Мариус Визер Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камиловни қабул қилди.

Расмий мақомда кечган учрашув Халқаро дзюдо федерацияси штаб-квартираси жойлашган Будапешт шаҳрида ўтказилди. Венгрия пойтахтида ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Халқаро дзюдо федерациялари ўртасидаги ҳамкорлик юқори баҳоланиб, уни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Мариус Визер учрашув мобайнида Ўзбекистоннинг дзюдо ривожига қўшаётган муносиб хиссасини алоҳида таъкидлаб ўтди ва нутқи давомида келажакда ўзаро ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланишини урғулади.

Ўз ўрнида Азизжон Камилов юртимизда барча спорт турлари, хусусан, дзюдо ривожига ҳам ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётгани, эришилаётган ютуқлар ҳам ушбу тизим маҳсули эканлигини таъкидлади.