Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси жамоасига

3 декабрь – «Халқаро ногиронлари куни» юртимизда ҳам ўзгача эҳтиром ва ҳурмат билан нишонланади. Юртимиз аҳолисининг ҳар бир қатлами шахсан муҳтарам Президентимизнинг эътибор-марказларида. Шу жумладан, пара-атлетларимиз ҳам.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия терма жамоаси вакиллари ўтказиладиган ҳар қандай халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келишади. Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XV ёзги Паралимпия ўйинлари ҳам бунга яққол мисол бўла олади.

Айни пайтда, Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси ҳисобида келаси йил Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинларига 15 та лицензия мавжуд. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Олдинда пара-атлетларимизни кўплаб лицензион мусобақалар кутиб турибди. Ишонамизки, кунчиқар юртда фарзандларимиз ўз натижаларини ҳар томонлама яхшилай олишади.

Миллий олимпия қўмитаси Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раҳбариятига, шунингдек, юксак ирода ва матонат эгалари саналган паралимпиячилар ва уларни тарбиялаётган мураббийларга бўлажак муҳим мусобақаларда омад ва муваффақиятлар тилаб қолади.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси