Ўзбекистон делегацияси Токио Олимпиадаси ташкилий қўмитаси билан учрашди

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вакиллари Япония пойтахти Токио шаҳрига ташриф буюришди. Мазкур ташриф доирасида делегациямиз вакиллари Токио-2020 Олимпиадаси ташкилий қўмитаси ва Япониянинг қатор сайёҳлик ташкилотлари билан учрашувлар ўтказишди. Делегацияга МОҚ президенти маслаҳатчилари Искандер Шадиев ва Шерзод Асатуллаев раҳбарлик қилдилар. Ушбу учрашувлар мобайнида, шунингдек, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон бокс ва дзюдо федерациялари ҳамда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниялари вакиллари ҳам иштирок этишди.

Делегация вакиллари ишни Япониядаги Ўзбекистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси Ғайрат Фозилов билан учрашишдан бошлади. Келишувга кўра, элчихона мутасаддилари Олимпия ўйинлари вақтида Японияда истиқомат қилаётган ҳамюртларимиздан махсус волонтёрлик гуруҳи ташкил қилишда ёрдам беришади. Шунингдек, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК вакили Чингиз Холбеков 2020 йилнинг июль-август ойлари мобайнида Тошкент ва Токио шаҳарлари ўртасида қўшимча авиарейслар йўлга қўйиш борасида музокара олиб борди.

Ташриф давомида делегациямиз вакиллари Япониянинг етакчи сайёҳлик компаниялари фаолияти билан танишди. Ўтказилган учрашувлар давомида «Global Marketing Travel», «Inari Travel» ва “Tobu Top Tours Cо. LTD” компаниялари билан суҳбат ташкил қилинди. Шубҳасиз, ушбу мулоқот давомида Олимпиада вақтида Токиога ташриф буюрадиган ҳамюртларимиз учун яхши сервисга эга меҳмонхоналарни ҳозирдан банд этиш, уларга энг қулай туристик пакетларни тақдим қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидлаш жоиз, Токио-2020 ташкилий қўмита вакиллари билан ўтказилган учрашув ҳам ижобий келишувлар билан якунланди. Мазкур учрашув давомида Олимпия ўйинлари вақтида ташкилий масалалар бўйича юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш борасида келишиб олинди. Аҳамиятлиси, Токиода Олимпия ўйинлари тарихида илк бор аккредитация жараёнида “Games Management System (GMS)” тизимидан фойдаланилади. Мазкур тизим мусобақаларга ташриф буюрадиган меҳмонлар, делегация вакилларини бир вақтнинг ўзида аккредитация билан таъминлаши ва меҳмон сифатида рўйхатдан ўтказиши билан қулай. Учрашув якунида МОҚ делегацияси вакиллари медицина марказлари, спортчилар ҳордиқ чиқариши учун тайёрланган хоналар ва уларнинг жиҳозланишини кўздан кечиришди.

Бир сўз билан айтганда, Токио сафари Олимпия ўйинлари вақтида ўзбекистонлик меҳмонлар учун барча қулай шароитларни яратиб бериш борасидаги ижобий келишувлар билан якунланди.

28 Noyabr, 2019|Янгиликлар|