“Япон спорти ҳафталиги”да кунчиқар юрт стол тенниси тажрибаси ўрганилмоқда

Мамлакатимизда давом этаётган япон спорт ҳафталиги доирасида стол тенниси бўйича япониялик тажрибали мутахассис, Олимпия ўйинлари ғолиби Сеико Исеки томонидан семинар ва маҳорат сабоқлари ўтказилмоқда.

Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон стол тенниси федерацияси томонидан ташкил этилган мазкур семинарда федерация мутасаддилари, мураббий ва спортчиларимиз иштирок этиб, стол тенниси бўйича Япония терма жамоасида олиб борилаётган ишлар, спортчиларни мусобақаларга тайёрлаш тизими ва мазкур спорт турини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлари бўйича атрофлича маълумотга эга бўлишди.

Семинар давомида мураббийларимиз Япония терма жамоаси бош мураббийи Сеико Исекига ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилиб, атрофлича жавоб олдилар.

Шунингдек, япониялик мутахассис Учтепа тумани 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабида терма жамоаларимиз аъзолари, ёш спортчилар ва уларнинг мураббийларига маҳорат сабоқларини ўтказди.

Семинар доирасида, Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси Саида Маҳмудова ҳамда Сеико Исеки келгусидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизда стол тенниси спорт турини жадал ривожлантириш борасида Япония тажрибасидан фойдаланиб, келаси йили Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриш бўйича келишиб олишди.

Маълумот учун, Сеико Исеки эртага 27 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида ёш стол теннисчилар билан учрашиб, у ерда ҳам мастер-класс ўтказиши белгилаб қўйилган.

26 Noyabr, 2019|Янгиликлар|