Ўзбек спортида янги саҳифа очган қаҳрамонларимиз тантанали кутиб олинди

Хитойнинг Ухань шаҳри мезбонлик қилган замонавий бешкураш бўйича Осиё-Океания чемпионати ўзбек спорти учун унутилмас мусобақа сифатида тарихда қолди. Токио Олимпиадасига йўлланма берадиган мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ҳам қатнашиб, спортимиз тарихида илк бор ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олди. Терма жамоамиз Алисэ Фахрутдинова ҳамда Александр Савкиннинг ажойиб иштироки орқали Токио Олимпидасига бир эмас иккита лицензия қўлга киритди. Қолаверса, спортчиларимиз микс эстафетасида шоҳсупанинг иккинчи поғонасига кўтарилдилар.

Бугун тунда ушбу мусобақада иштирок этган делегациямиз Тошкент халқаро аэропортига қайтиб келди. Уларни тантанали кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасаддилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Жудаям қизғин ва муросасиз мусобақа бўлди. Албатта, натижадан кўнгилимиз тўлди. Хитой, Япония, Қозоғистон каби мамлакат вакиллари билан рақобат жуда кучли бўлди. Энди бироз ҳордиқ чиқаргандан кейин янги мавсумга тайёргарликни бошлаймиз”, – дея ўз таассуротларини ўртоқлашди Алисэ Фахрутдинова

Бизнинг шуғулланишимиз учун федерациямиз барча шароитларни яратиб бермоқда. Яккалик беллашувларидан кўнглимиз тўлди. Аралаш эстафетада кичик хатоларга йўл қўйган эдик. Энди янги мавсумда мана шу хатолар устида ишлаб, Олимпия ўйинларида янада яхши иштирок этишга ҳаракат қиламиз. Ўзбек спортида илк бор замонавий бешкураш спортида Олимпия ўйинларига лицензия олганимизни тушуниб турибман, лекин бунинг таассуротларини ҳали тўлалигича ҳис қилмадик”, – деди Александр Савкин.

Мусобақани юқори кайфиятда якунлаб олдик. Беллашувлар давомида етакчи мамлакат вакиллари катта рақобат туғдиришди. Шунга қарамасдан, спортчиларимиз муносиб иштироки билан юзимизни ёруғ қилиб қайтдилар. Биз машғулотлар жараёнида бирга шуғулландик, ҳақиқий бир жамоа бўлиб ишладик. Бунинг самараси ўлароқ спортчиларимиз илк бор ёзги Олимпия ўйинларига лицензия қўлга киритишди. Умид қиламиз, Токио Олимпиадасида ҳам мана шундай иштироклари билан барчамизни хушнуд қилишади. Насиб қилса, Парижда ўтадиган Олимпия ўйинларига ёшлар жамоамиз вакиллари ҳам етишиб чиқади ва Парижга бунданда кўпроқ йўлланма олишга ҳаракат қиламиз”, – деди замонавий бешкураш федерацияси раҳбари Баҳром Газиев.

Албатта, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликка спортчиларимизнинг мана шундай натижалар билан жавоб қайтариши олдинда турган Олимпия ўйинларида бизни юксак марралар кутиб турганидан далолат бермоқда.

18 Noyabr, 2019|Янгиликлар|