Велотрек базасининг фойдаланишга топширилиши, Холмуродов муносиб тақдирланиши ёхуд байрам устига байрам

Пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган велотрек базаси сўнгги йиллар қаровсиз ва анча таъмирталаб бўлиб қолган эди. Давлатимиз томонидан спортга қаратилаётган эътибор самараси ўлароқ ушбу объект тубдан реконструкция қилинди. Базанинг қайта фойдаланишга топширилиши велотрек бўйича Ўзбекистон чемпионати ва Муроджон Холмуродовнинг Токио Олимпиадасига лицензия олгани расман тасдиқланувчи кунга тўғри келди. Бу эса спортчиларимиз учун қўшалоқ байрамга уланиб кетди. Табиийки, бундай воқелик ўзбек спорти мутасаддиларининг диққат-марказидан четда қолгани йўқ. Бугун мазкур спорт базасининг очилишига бағишлаб ўтказилган маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раҳбари Танзила Норбоева, Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси масъул ходими Шавкат Султонов, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори-элчи Жон Макгрегор ва куни кеча МОҚга ташриф буюрган англиялик мутахассис Петер Бонфилд иштирок этди.

Дастлаб меҳмонлар рамзий тасмани кесиб, велотрек базасини очиб беришди. Шундан сўнг расмийлар бугунги кундан эсдалик ва экология учун хисса қўшиш мақсадида мажмуа ҳовлисида бир туп кўчат ўтқаздилар. Фойдаланишга топширилган янги спорт базаси замонавий қулайликларга эга бўлиб, машғулотлар майдонидан тортиб ошхонаю, ётоқхоналаргача замонавий анжомлар билан жиҳозланган.

Бундай мажмуа пойтахтдан ташқари Наманган вилоятида ҳам барпо этилган. Яқин орада Самарқанд вилоятида ҳам замонавий велотрек ўқув-машғулотлар марказини қуриш ишлари бошланади. Умуман, биз келгусида барча вилоятларимизда мана шундай мажмуаларни барпо этиш ҳамда юртимиздан кўплаб Осиё ва жаҳон чемпионати ғолиблари, Олимпия ўйинлари чемпионларини етиштириб чиқармоқчимиз. Бизда истеъдодлар етарли, фақат уларга, аввало, шароит ва имкониятларни яратиб беришимиз лозим”, – деди Танзила Норбоева.

Яна бир аҳамиятли жиҳати Токио Олимпиадасига лицензия қўлга киритган велоспортчимиз Муроджон Холмуродов мана шу тадбирда тақдирлангани ёш авлод вакиллари учун ҳақиқий мотивация бўлди. Шу ернинг ўзида спортчимиз давлатимиз томонидан ажратилган 100 миллион, унинг мураббийи эса 50 миллион сўм пул мукофотини қабул қилиб олишди. Эслатиб ўтамиз, бу велоспортчиларимиз учун Токио Олимпиадасига қўлга киритилган иккинчи йўлланма. Бу борада Ольга Забелинская дастлабки лицензия эгаси ҳисобланади.

Тадбир давомида велотрек бўйича Ўзбекистон чемпионати ғолиб ва совриндорлари ҳам тантанали тақдирланишди.

15 Noyabr, 2019|Янгиликлар|