Бекжон Чеваров Токио Паралимпия ўйинларининг иштирокчисига айланди

БААнинг Дубай шаҳрида ўтказилаётган пара-атлетика бўйича жаҳон чемпионати ҳамюртларимиз учун муваффақиятли давом этмоқда. Бугунги кун дастурида яна бир вакилимиз Бекжон Чеваров Токио Паралимпия ўйинларига йўлланма қўлга киритди.

Т13 тоифасида узунликка сакраш секторида баҳс олиб борган Чеваров 7.23 метр натижа қайд этди. Мусобақада иштирок этган ҳеч бир спортчи бу кўрсаткични такрорлай олмади ва ҳамюртимиз жаҳон чемпионатининг олтин медали қатори келаси йил Токиода бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинлари лицензиясига ҳам сазовор бўлмоқда. Эътиборлиси, Бекжонга тегишли бўлган 7.23 метр эндиликда қитъамизнинг янги рекорди сифатида ҳам белгиланади.

Шу тариқа делегациямизнинг Паралимпия ўйинларига қўлга киритган лицензиялари сони ўн бештага етмоқда.