Токио Паралимпиадасига яна иккита лицензия қўлга киритдик

БААнинг Дубай шаҳрида давом этаётган пара-атлетика бўйича жаҳон чемпионати ўзининг қизғин палласига кириб бормоқда. Бу вақтда эса Ўзбекистон терма жамоасининг яна икки нафар вакили Темурбек Гиязов ҳамда Ҳусниддин Норбеков ЖЧ медали қатори келаси йил Токиода бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинлари йўлланмасини нақд қилди.

Баландликка сакраш бўйича Т64 тоифасида Темурбек 1.99 метр натижа билан жаҳон чемпионатининг кумуш медалига сазовор бўлди. Ҳусниддин Норбеков эса ядро улоқтириш бўйича F35 классида 17.32 метр натижа қайд этиб, ўзига тегишли бўлган жаҳон рекордини янгилади. Кутилганидек, иштирокчилар орасида ҳеч бир спортчи ҳамюртимизнинг ушбу натижасига яқин кела олмади. Шу тариқа Норбеков жаҳон рекордини ҳам расмийлаштириб қўйди.

Маълумот учун, ушбу натижа билан ҳамюртларимизнинг Токио Паралимпиадасига қўлга киритган лицензиялари сони ўн тўрттага етди. Мазкур натижадан кейин делегациямиз ҳисобидаги медаллар 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронзани ташкил қилмоқда. Бу эса умумжамоа ҳисобида еттинчи ўринга кўтарилиб олишимизга сабаб бўлиб турибди.