Содиқ Сафоев: “Париж-2024 Олимпиадасига йўлланма олиш олдимиздаги асосий вазифа”

Жорий йилнинг 29 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида регби спорт турини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди. Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида ушбу қарорда белгилаб берилган чора-тадбирлар ижросини бажариш, регби спортининг ривожини янги босқичга олиб чиқиш мавзусига бағишлаб кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Ушбу йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенат раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон регби федерацияси раҳбари Содиқ Сафоев олиб борди. Шунингдек, унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, Республикамиздаги барча вилоятлар, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюрган мутасаддилар ҳам иштирок этишди.

Йиғилишда даставвал регби спортини ривожлантириш бўйича 2019-2022 йиллар учун ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” таништирилди ва қабул қилинган қарор моҳияти ҳақида яна бир бор тўхталиб ўтилди.

Муҳтарам Президентимиз ҳар бир спорт тури ривожи учун бундай алоҳида қарор чиқармайдилар. Регби бутун жаҳонда ўз ўрни ва мавқейига эга бўлган спорт турларидан бири. Бу қарорнинг қабул қилиниши бизни янада илҳомлантирди. Шу билан биргаликда елкамизга катта масъулиятни ҳам юклади. Регбини янада ривожлантириш ҳақида гап кетар экан, аввало, терма жамоанинг моддий-техник базасини кучайтиришимиз керак. Бор имкониятлардан самарали фойдаланиб, кучли жамоалар шакллантириш лозим. Йил охиригача ҳар бир вилоятда камида биттадан ана шундай жамоа тузилади. Қолаверса, регби-15, регби-7 бўйича ҳам эркаклар, ҳам аёллар бўйича катталар, ёшлар жамоасини шакллантирамиз. Парижда бўлиб ўтадиган 2024 йилги Олимпия ўйинларига йўлланма олиш бизнинг олдимизда турган энг асосий вазифа. Ишонаманки, ишни яхши йўлга қўя олсак, буни уддалаймиз”, – деди Содиқ Сафоев.

Шунингдек, йиғилиш давомида регби спортининг ҳар бир вилоятдаги ривожланиш даражаси, юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида тегишли вазифалар белгилаб берилди.

8 Noyabr, 2019|Янгиликлар|