Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида қатнашган ҳамюртларимиз тантанали кутиб олинди

Хабар берганимиздек, 28 октябрдан 6 ноябрга қадар Туркиянинг Чорум шаҳрида 16 ёшгача ўсмирлар ўртасида Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси бўлиб ўтган эди. Мазкур мусобақада Халқаро тоифадаги гроссмейстерлар Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдаров, ФИДЕ спорт усталари Али Касимов, Муҳиддин Мадаминов ва Умида Омонова иштирок этиб, ўз натижалари билан терма жамоамизнинг умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллашига замин яратишган эди. Бугун тунда шахматчиларимиз Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Кутиб олиш маросимида Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Тошматов, Ўзбекистон шаҳмат федерацияси мутасаддилари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Эслатиб ўтамиз, 16 ёшгача ўсмирлар ўртасида Бутунжаҳон Шахмат олимпиадаси 9 турдан иборат бўлиб, швейцарча тизимда ташкил этилди. 9 тур натижасига кўра, ҳамюртларимиз 15 очко жамғариб, 2-ўринни ўринни эгалладилар. Бу борада Озарбайжон терма жамаоси биринчи ўринни банд этган бўлса, беларуслик ёш шахматчилар кучли учликни якунлаб беришди. Шунингдек, спортчиларимиз шахсий натижасига кўра ҳам қатор медалларга сазовор бўлдилар. Халқаро гроссмейстерлар Нодирбек Абдусатторов 1-тахтада 2-ўринни, Жавохир Синдаров эса 2-тахтада 2-ўринни эгаллади.

7 Noyabr, 2019|Янгиликлар|