Жисмоний тарбия ва спорт соҳаси бўйича ўқув-қўлланмалари таълим соҳасида янада кенг фойдаланилади

Бугун Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг Малака ошириш институтида юртимизда спортни янада ривожлантириш бўйича таълим соҳасида юзага келаётган масалаларга бағишланган семинар ўтказилди. Ушбу семинар айлана стол тарзида ўтказилиб, унда мутахассислар таълим соҳасида юзага келаётган қатор муаммолар бўйича фикр алмашишди. Семинарни Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Комилжон Худойберганов олиб борди. Таъкидлаш жоиз, мазкур тадбир Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ушбу семинарда кўтарилган энг асосий мавзулардан бири умумий ўрта таълим муассасаларидаги жисмоний тарбия тизими фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда ушбу муассасаларда таълим-тарбия жараёнида жисмоний тарбия ва спорт ишларини мақсадли йўлга қўйиш, олий таълим муассасаларидаги жисмоний тарбия тизимини тубдан такомиллаштириш ва таълим жараёнида самарадорлигини ошириш бўлди. Суҳбат якунида юзага келган камчиликлар бўйича тегишли ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш ва уларни таълим соҳасида янада кенг татбиқ этиш борасида келишувга эришилди.

6 Noyabr, 2019|Янгиликлар|