Оғир атлетикачиларимиз Перуга жўнаб кетишди

8-11 ноябрь кунлари Перу пойтахти Лима шаҳрида оғир атлетика бўйича нуфузли Гран-при мусобақаси бўлиб ўтади. Дунёнинг энг сара атлетлари қатнашадиган мазкур мусобақада терма жамоамизнинг 3 нафар вакили Адҳамжон Эргашев (-67 кг), Достон Ёқубов (-73 кг) ва Муаттар Набиева (-55 кг) юртимиз шарафини ҳимоя қилишади.

Ушбу мусобақада жаҳоннинг энг сара юлдузлари иштирок этишади. Унда қатнашиш учун Халқаро оғир атлетика федерацияси махсус таклифнома жўнатган бўлиши керак. Бундай мусобақани ўтказишдан мақсад келаси йилги Олимпия ўйинларида “А” гуруҳида иштирок этиши кутиладиган спортчиларни тўплаб, улар орасида шиддатли рақобат юзага келтиришдир. Умид қиламизки, юртимиз номидан таклиф этилган 3 атлетимиз ўзларига билдирилган ишончни оқлай олишади”, – деди Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов.

«Бу каби мусобақада биринчи марта иштирок этишим. Унда ҳар бир вазн тоифасининг энг кучли спортчилари қатнашади. Қолаверса, турнир ўтадиган мамлакат ҳам анча олисда бўлгани учун сал аввалроқ боришимиз керак. Федерациямиз, халқимиз бизга ишонч билдириб туришибди. Насиб қилса, бу ишончни, албатта, оқлаб қайтамиз«, – деди Адҳамжон Эргашев.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мураббий Баҳрам Мендибоев ва делегация раҳбари Шаҳрулло Маҳмудов бошчилигида Перу сафарига йўл олган вакилларимизга омад тилаб қолади.

5 Noyabr, 2019|Янгиликлар|