МОҚ қошида ташкил этилган қўллаб-қувватлаш гуруҳининг иккинчи иши дзюдочиларимизга аталди

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Маданият вазирлиги билан ҳамкорилкда Токио Олимпиадасига тайёргарлик кўраётган терма жамоамиз вакилларини қўллаб-қувватлаш мақсадида турли маданий тадбирлар ташкил қилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ўтган ҳафта камондан отиш ва каратэ бўйича терма жамоамиз вакилларига ўтказилган маданий тадбир бугун дзюдочиларимиз учун ташкиллаштирилди. Спорт фахрийлари, журналистлар ва таниқли санъат арбобларидан тузилган Токио-2020 Олимпиадаси учун қўллаб-қувватлаш гуруҳи бугун тушда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси биносида жам бўлди. Шундан сўнг иштирокчилар терма жамоамиз вакиллари билан биргаликда автобусда тадбир ўтказиладиган “Ичан қалъа” меҳмонхонасига йўл олишди.

Меҳмонхонанинг маросимлар учун мўлжалланган ресторанида тадбирнинг бадиий қисми бошланди. Байрам дастури бошланишидан аввал МОҚ вице-президенти, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раҳбари Азизжон Камилов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев сўзга чиқиб, спортчиларимизга ўзларининг илиқ тилакларини билдириб ўтишди. Шундан сўнг ўзбек эстрадасининг ёрқин юлдузлари Зиёда, Тоҳир Содиқов, таниқли сўз устаси Шукурулло Исроилов ўз ижод намуналарини спортчиларимизга тақдим қилишди.

Қаратилаётган бундай эътибордан руҳланган терма жамоамиз вакиллари ҳам ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар.

“Биз спортчиларнинг мана шундай камтарона натижаларимизни юксак баҳолаётган ҳукуматимизга алоҳида ташаккур айтиб ўтмоқчиман. Муҳтарам юртбошимизнинг бизларга кўрсатаётган шундай эътиборларини биз ҳар жабҳада ҳис қилиб турибмиз. Насиб қилса, бу ғамхўрликларга келаси йил Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида олтин медаллар билан жавоб қайтарамиз ”, – деди Шарофиддан Лутфиллаев.

 

Мазкур тадбирда Ришод Собиров ва Абдулло Тангриев каби яқин ўтмишимизнинг номдор дзюдочилари, шунингдек, юртимизда меҳмон бўлиб турган Афина-2004 Олимпиадаси ғолиби грециялик Илиас Илиадис ҳам сўз олиб, ўзбек дзюдосининг йиллар давомида равнақ топиб бораётганига алоҳида урғу бериб ўтишди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда Токио-2020 Олимпиадасига тайёргарлик кўраётган спортчиларимизни руҳан қўллаб-қувватлаш мақсадида мана шундай тадбирларни ташкиллаштиришда давом этади.

2 Noyabr, 2019|Янгиликлар|