Чемпионлик бажарилди, навбат Токио-2020 лицензиясига

Куни кеча Жанубий Кореянинг Чонжу шаҳрида ўтказилган академик эшкак эшиш бўйича Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этган терма жамоамиз қисқа дам олишдан сўнг яна машғулотларга зўр бермоқда. Осиё чемпионатида 3 та олтин ва 3 та кумуш медалларини жамғарган спортчиларимиз эртадан янги йиғинни бошлашади.

24 ноябрга қадар давом этадиган ушбу ўқув-машғулоти йиғини келаси йил Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи мусобақага тайёргарликнинг асосий босқичи ҳисобланади. Мазкур йиғинга мураббийларимиз 27 нафар спортчини жалб қилишган.

Шунингдек, слаломчиларимиз ҳам лицензион мусобақага тайёргарлик доирасида Наманган вилоятида машғулотларни бошлашди. 19 ноябрга қадар давом этадиган ушбу йиғинда 16 нафар спортчи қатнашади.

31 Oktabr, 2019|Янгиликлар|