Йил давомида юқори натижа қайд этган велоспортчиларимиз муносиб тақдирланишди

Ортда қолган 10 ой Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси учун ҳам бир қатор тарихий воқеликларга бой бўлди. Жумладан, Тошкент илк бор велошоссе бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қилди ва унда ҳамюртимиз Ольга Забелинская Токио Олимпиадасига йўлланма олди. Қолаверса, спортчиларимиз йил давомида ўтказилган Осиё чемпионати ва кубоги ҳамда бошқа халқаро мусобақаларда совринли ўринларни эгаллаб келдилар. Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида спортнинг ушбу турида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган атлетларимизни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг раиси ва велосипед спорти федерацияси раҳбари Танзила Нарбаева, Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳамда қатор ОАВ иштирок этди.

Тадбир давомида сўзга чиққан Танзила Нарбаева велосипед спортида эришиб келаётган ютуқларимиз ҳақида таъкидлаб ўтди.

Йил давомида халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этган спортчиларимизни тақдирлашдан мамнунман. 2011 йил федерацияда фаолият бошлаганимда кучли захира спортчиларини тайёрлаш мақсадида ёшлар спортига катта аҳамият қаратдик. Мана бугун ушбу эътибор ўз мевасини бериб келмоқда. Буларнинг барчаси муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш йўлида олиб бораётган сиёсатларининг самарасидир. Биз спортчиларимизнинг қулай шароитларда шуғулланишлари учун уларга керакли шароитлар яратиб берамиз”, – деди Танзила Нарбаева.

Шунингдек, Рустам Шоабдураҳмонов ва Дилмурод Набиев ҳам ўз нутқларида велосипед спортининг саломатлик учун нақадар фойдали экани ва унинг юртимизда оммалашиб бораётган ҳақида таъкидлаб ўтишди.

Тадбирда йил давомида ўтказилган турли мусобақаларда муваффақият қозонган Муроджон Холмуратов, Беҳзодбек Раҳимбоев, Дилмурод Сиддиқов, Диана Адельшинова, Янина Кускова, Рината Байметова каби спортчиларимиз ва уларнинг мураббийлари эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

29 Oktabr, 2019|Янгиликлар|