Осиё чемпионати ва Бутунжаҳон ҳарбийлар ўйинида қатнашган делегацияларимиз ёруғ юз билан Ватанга қайтиб келишди

24-27 октябрь кунлари Жанубий Кореянинг Чонжу шаҳри академик эшкак эшиш бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қилгани ва унда қатнашган Ўзбекистон терма жамоаси пара-атлетлар билан ҳисоблаганда 3 та олтин ва 4 та кумуш медалларини қўлга киритгани ҳақида маълум қилган эдик. Кореядаги мусобақада қатнашган эшкак эшувчиларимиз қитъамизнинг яна бир шаҳрида ўтказилган йирик мусобақада юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган делегациямиз билан биргаликда юртимизга қайтиб келишди. Уларга 18-27 октябрь кунлари Хитойнинг Ухань шаҳрида еттинчи Бутунжаҳон ҳарбийлар ўйинларида иштирок этган спортчиларимиз ҳамроҳлик қилишди. Ухань мусобақасида делегациямиз 8 та олтин, 7 та кумуш ва 5 та бронза медалларини жамғариб, умумжамоа ҳисобида 150 га яқин мамлакат орасида тўққизинчи ўринни эгаллади.

Табиийки, икки йирик спорт мамлакатида Ўзбекистон шаънини муносиб ҳимоя қилган атлетларимизни кутиб олиш маросими ҳам шунга яраша тантанали ўтди. Ҳарбий оркестр куй-садолари остида ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасаддилари, спортчиларимизнинг яқинлари, юзлаб ҳамюртларимиз ва ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

29 Oktabr, 2019|Янгиликлар|